Содержимое
ҚАТРА ҚОН — ҲАЁТ УМИДИ: Тошкентда “Адолат” СДПнинг донорлик акцияси юксак уюшқоқликда ўтмоқда Инсонпарварлик, меҳр-саховат ва ҳамжиҳатлик каби эзгу фазилатлар халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган азалий қадриятлардир. Айниқса, бемор ва кўмакка муҳтож инсонлар ҳолидан хабар олиш, уларга беғараз ёрдам қўлини чўзиш миллатимизга хос бебаҳо хислат саналади. Ана шундай эзгу мақсадларни ўзида мужассам этган навбатдаги хайрия тадбири пойтахтимиз аҳолисининг фаол иштирокида бўлиб ўтди. Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгаши ташаббуси билан Яшнобод туманида жойлашган "Қон препаратлари" илмий-ишлаб чиқариш корхонасида ташкил этилган «Бор меҳримиз сенга, болажон!» шиори остидаги беғараз донорлик акцияси эрта тонгданоқ юзлаб ватандошларимизни бир мақсад йўлида бирлаштирди. Юқори малакали шифокорлар жамоаси ва энг сўнгги русумдаги замонавий тиббий технологиялар билан жиҳозланган муассасада донорлар учун барча шарт-шароитлар муҳайё этилди. Ҳар бир иштирокчининг саломатлиги чуқур назоратдан ўтказилиб, қон топшириш жараёнининг мутлақо хавфсиз ва қулай муҳитда ўтиши таъминланди. Бу эса акцияга келган кўнгиллиларда ижобий таассурот қолдириб, уларнинг эзгу ниятига янада ишонч бағишлади. Тадбирни партия Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудова очиб берар экан, акциянинг аҳамиятига алоҳида тўхталди: — «Бор меҳримиз сенга, болажон!» беғараз донорлик акцияси бугун нафақат пойтахтимизда, балки мамлакатимизнинг барча ҳудудларида кенг қулоч ёзмоқда. Аҳолимизнинг, миллати ва касбидан қатъи назар, ушбу эзгу ташаббусни қизғин қўллаб-қувватлаётгани жамиятимизда меҳр-оқибат, бирдамлик ва инсонпарварлик туйғулари юксалиб бораётганидан далолат беради. Бир томчи қоннинг инсон ҳаётини сақлаб қолиши мумкинлигини англаган, кўмакка муҳтожларга ёрдам қўлини чўзишни ўзининг инсоний бурчи деб билган юртдошларимиз бор экан, миллатимизга хос қадриятлар ҳамиша барҳаётдир. “Адолат” СДП ижтимоий адолат ва тенглик тамойилларига асосланган ҳолда, бу каби ҳаётбахш лойиҳаларни мунтазам давом эттиради ва уни янада оммавийлаштиришни мақсад қилган, – деди партия етакчиси. Акцияда юздан ортиқ кўнгиллилар – партия фаоллари, ёшлар, турли соҳа вакиллари ва эзгуликка бефарқ бўлмаган пойтахт аҳли қатнашди. Улар орасида таниқли тадбиркор, “Murad Buildings” компанияси асосчиси Мурод Назаров ҳам партиямиз ташаббусини қўллаб-қувватлаб, бемор болажонлар учун ҳаёт томчиларини улашди. — Мен учун бу каби ижтимоий лойиҳаларда қатнашиш, аввало, фуқаролик бурчимдир. “Адолат” партиясининг Тошкент шаҳар Кенгаши билан доимий ҳамкорликда ишлаб, уларнинг эзгу ташаббусларини доим қўллаб-қувватлаб келаман. Бугунги акцияда иштирок этишимнинг сабаби оддий: биз бугун Янги Ўзбекистонни барпо этар эканмиз, аввало, соғлом жамият, соғлом келажакни қуришимиз керак. Унинг пойдевори эса соғлом болалардир. Ҳар бир томчи қонимиз бир болакайнинг ҳаётга қайтишига, бир оиланинг бахтиёрлигига сабаб бўлиши мумкинлигини тасаввур қилишнинг ўзи улкан бахт. Мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш йўлида яратилаётган имкониятлар, биз, тадбиркорлар зиммасига ҳам жамият олдида масъулият юклайди. Агар биз амалий ишларимиз билан ўрнак бўла олсак, эртага бу каби лойиҳалардаги кўнгиллилар сафи янада кенгаяди. Шу сабабли «Бор меҳримиз сенга, болажон!» акциясида ҳар йили камида 2-3 маротаба қатнашаман ва барча ҳамкасбларимни, юртдошларимни ҳам шунга даъват этаман, – деди Мурод Назаров. Жараён давомида партиянинг хайрли ташаббусини қўллаб-қувватлаб, бемор болажонларнинг соғайишлари учун бебаҳо неъмат – ўз қонини топшириб, инсонпарварлик ва меҳр-оқибатнинг ёрқин намунасини кўрсатган барча иштирокчиларга миннатдорчилик билдирилди. Ушбу тадбир бу каби эзгу ҳаракатлар жамиятда бирдамлик ришталарини мустаҳкамлашда нечоғли муҳим аҳамиятга эга эканини яна бир бор намоён этди. adolat.uz | Facebook | Telegram | Instagram | Twitter | YouTube