Содержимое
Партия ташаббуси эътироф этилди Бутунжаҳон донорлар куни муносабати билан Республика қон қуйиш марказида байрам тадбири ташкил этилди. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Республика қон қуйиш маркази ташаббуси билан ўтказилган ушбу тадбирда давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари, жамоатчилик фаоллари, юртимизда кўнгилли донорлик ҳаракатини ривожлантиришга ҳисса қўшаётган ташкилотлар вакиллари иштирок этди. ⚖️ Тадбирда «Адолат» СДПнинг юртдошларимизни беғараз донорликка жалб этишга қаратилган «Бор меҳримиз сенга, болажон!» хайрия акцияси ва бошқа ижтимоий ташаббуслари алоҳида эътироф этилди. Эзгу лойиҳалардаги фаоллиги учун партиямиз раҳбарияти ва барча “Адолат”чиларга миннатдорчилик билдирилди. 🔴 Тадбирда сўз олган партия Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудова соҳа мутахассислари ва донорларни Бутунжаҳон донорлар куни билан самимий қутлар экан, ушбу сана партия учун алоҳида аҳамиятга эга эканини, чунки жамиятимизда беғараз донорлик ҳаракатини ривожлантириш “Адолат” СДПнинг ижтимоий йўналишдаги мақсад-вазифаларига ҳамоҳанглигини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, партиямиз етакчиси «Адолат» СДП аҳоли саломатлигини сақлаш, жамиятда меҳр-оқибат ва инсонпарварлик ғояларини мустаҳкамлашга хизмат қилувчи хайрли лойиҳаларни бундан кейин ҳам кенг кўламда давом эттиришини ва бу борада Республика қон қуйиш маркази билан доимий ҳамкорликка тайёр эканини қайд этди. Маълумот ўрнида, партия томонидан 9 йилдан буён анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган «Бор меҳримиз сенга, болажон!» беғараз донорлик акцияси юз минглаб кўнгиллиларни эзгу мақсад йўлида бирлаштирмоқда. Ўтган давр мобайнида акция доирасида 10 минг литрдан зиёд қон жамғарилиб, 50 минг нафарга яқин беморлар, айниқса, болалар саломатлигини тиклашга ва ҳаётини сақлаб қолишга ҳисса қўшилди. Adolat.uz | Facebook | Telegram | Instagram