Содержимое
#Сирдарё_вилоят_Кенгаши #Ўрганиш Соғлом авлод — барқарор жамият таянчи Партия етакчиси бошчилигидаги ишчи гуруҳ вилоятдаги ўрганишлари доирасида дастлаб Гулистон шаҳридаги 19-сонли мактабгача таълим муассасасида болалар соғлиғига оид долзарб йўналиш — яссиоёқлик ва сколиоз каби патологияларни эрта аниқлаш ва уларга кўмак бериш мақсадида ташкил этилган тиббий кўрикда иштирок этди. Тиббий текширув жараёнини яқиндан кузатган партия етакчиси муассасадаги санитар-гигиеник шароитлар, тиббий ходимлар фаолияти, болаларнинг умумий ҳолати ҳамда профилактик хизматларнинг сифатини ҳам ўрганди. — Ҳар бир давлатнинг асосий ижтимоий ресурси инсон капитали эканини инобатга олган ҳолда, болалар соғлиғида умумий аҳволни чуқурроқ аниқлаш ва муаммоларни бартараф этишда тизимли ёндашувни йўлга қўйиш ишларини жадаллаштиришимиз зарур. Чунки болаларимизда соғлиқ билан боғлиқ муаммоларнинг олди барвақт олинмаса ёки ўз вақтида аниқланмаса, келгусида уларнинг жисмоний ва руҳий ҳолати, таълимдаги фаоллиги ва имкониятларини чеклаб қўйишимиз ҳеч гап эмас, —деди Робахон Махмудова. Маълумотга кўра, айни пайтда 190 ўринга мўлжалланган боғчада 104 нафар тарбияланувчи бор. Тиббий кўрикда уларнинг 1 нафарида яссиоёқлик, кўкрак қафаси деформацияси бўйича 7 та, қомат бузилиши бўйича 3 та ҳолат аниқланди. Кўрик якунида ишчи гуруҳ раҳбари бундай ҳолатлар ўзаро боғлиқ омиллар – нотўғри юриш ва ўтириш, носоғлом турмуш тарзи, етарли жисмоний фаолликнинг йўқлиги туфайли юзага келаётгани сабабли мактабгача таълим муассасаларида жисмоний фаоллик, физиотерапия ва профилактика ишларига янада жиддий эътибор қаратиш зарурлигини қайд этди. — Соғлом авлод — барқарор жамият таянчи. Биз буни амалда исботлашимиз учун ҳаракатларимизни кенгайтирмоқдамиз. Шу туфайли партиямиз ҳар бир мактабгача таълим муассасасидаги тиббий муҳит, ортопедик касалликларни эрта аниқлаш ва бартараф этиш бўйича ишларни қонунчилик ва жамоатчилик даражасида қўллаб-қувватлайди. Яссиоёқлик ва сколиоз эса келажак авлоднинг ҳаракат, ўзини эркин ифода этиш, таълимга қизиқиши ва ҳатто ҳаётий фаолиятига таъсир қилувчи жиддий омил. Бундай ҳолатларда кечикаётган ҳар бир кун — боланинг имконияти камайиши билан тенглигини унутмайлик,— дея таъкидлади фракция раҳбари. Навбатдаги манзил — Гулистон шаҳридаги “Intellekt” хусусий мактабгача таълим муассасасида ўтказилган тиббий кўрикда ҳам айни шу жиҳатларга урғу берилди. “Адолат” СДП раҳбари Робахон Махмудова боғчадаги тарбияланувчи болаларни сколиоз ва яссиоёқлик ҳолатлари бўйича ихтисослашган тиббий мутахассислар томонидан 9 босқичли махсус ортопедик йўлакдан ўтказиш жараёнида қатнашди. Шунингдек, санитария-гигиена шароитлари, муассасада болаларнинг жисмоний фаоллиги ва профилактика ишлари қай тарзда йўлга қўйилганини таҳлил қилди. Маълум бўлишича, ушбу касалликларни 7 ёшгача аниқлаб, даволаш имконияти мавжуд. Ортопедик касалликларнинг катта қисми енгил даражада кўзга ташланмайди, аста-секин ривожланади. Шу боис, партия раҳбари мутахассислар билан суҳбат чоғида болаларнинг жисмоний фаоллигини ошириш билан бирга соғлом ва витаминларга бой овқатланишини таъминлаш зарурлиги, бунда мева ва сабзавотлар улушини кўпайтириш муҳимлиги бўйича ўз фикрларини билдирди. — Соғлом авлод — барқарор тараққиёт кафолати. Болаликда аниқланган ҳар бир ҳолат — эртанги ҳаётда бир асоратнинг олдини олишдир. Биз “Адолат” партияси сифатида ҳар бир боланинг жисмоний, маънавий ва руҳий ривожланишига ёрдам беришни жамият олдидаги юксак масъулиятимиз, деб биламиз. Сабаби соғлиқни асраш — адолатни таъминлашнинг энг олий кўринишидир, — деди партия етакчиси. Маълумот учун, мазкур муассасада 180 нафар бола тарбияланади. Кўрик давомида 2 нафар болада сколиоз аломатлари кузатилди. Уларга профилактик чоралар ва кейинги тиббий кузатувлар бўйича тавсиялар берилди. Adolat.uz | Facebook | Telegram | Instagram