Содержимое
#Сирдарё_вилояти #Ўрганиш Ёшлар технопарки — интеллектуал салоҳият ва инновацион ғоялар маркази Сирдарё вилоятидаги ўрганишлар доирасида Робахон Махмудова бошчилигидаги ишчи гуруҳ Инновацион ривожланиш агентлиги ҳузуридаги “Ёшлар технопарки” давлат муассасаси фаолияти билан яқиндан танишди. Албатта, бугун дунёдаги рақобат интеллектуал имкониятлар, инновацион ечимлар ва замонавий технологиялар асосида юритилаётган бир пайтда бундай марказларнинг ҳар бир ҳудудда ташкил этилиши нафақат ёшлар имкониятларини кенгайтиради, балки мамлакатнинг келгусидаги иқтисодий хавфсизлиги ва стратегик ривожланишини ҳам таъминлайди. 2022 йилда 8,7 миллиард сўмлик давлат маблағи ҳисобидан фаолиятини бошлаган мазкур технопарк қисқа вақт ичида ёшларнинг ижодий тафаккури, стартап ғоялари ва IT соҳасидаги салоҳиятини қўллаб-қувватлашда илғор тажриба мактабига айланди. Бугунги кунда технопарк бир вақтнинг ўзида 600 нафаргача ёшни қамраб олиш имкониятига эга бўлиб, “Fablab”, “coworking zona”, “Innox” бизнес-инкубатори каби инновацион платформалар орқали ёшларнинг билим ва кўникмаларини амалиётга татбиқ этишга хизмат қилмоқда. Ажабланарлиси шундаки, технопарк томонидан амалга оширилган лойиҳалар орқали 4 минг 300 нафардан ортиқ ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларда бизнес ва технологияга оид кўникмаларни шакллантириш таъминланди. Шу жумладан, уларнинг 1 645 нафари хотин-қизлар эканлиги — гендер тенглигини таъминлаш, аёллар салоҳиятини рўёбга чиқаришда технопаркнинг алоҳида ўрни борлигини кўрсатади. Технопарк фаолияти нафақат маҳаллий, балки халқаро ҳамкорликлар орқали ҳам юксак натижаларга эришмоқда. Жумладан, Германия, Ҳиндистон, Туркия ва Хитой давлатлари билан йўлга қўйилган истиқболли ҳамкорлик натижасида умумий қиймати 49 миллиард сўмлик маҳсулот ва ечимлар хорижга экспорт қилинган. Бу, шубҳасиз, “ўзбек инновацион модели”нинг халқаро бозордаги рақобатбардошлигидан далолат. Айниқса, “Gold Pure Food” стартап лойиҳаси доирасида янтоқ ўсимлигидан ем-озуқа, узум уруғидан махсус мой, тиббиётда кенг қўлланиладиган эластик бандаж ва бинт маҳсулотларини ишлаб чиқариш амалиёти йўлга қўйилгани авваллари ғоя бўлган бўлса,бугунга келиб тайёр инновацион маҳсулотгача етиб борди ва вилоятнинг экспорт салоҳиятини оширишга муносиб ҳисса қўшмоқда. — Ёшларимизнинг инновацион салоҳияти ва технологик интилишлари бугунги ислоҳотларимизга чинакам маънода жўшқин энергия бахш этмоқда. Улар — ғоя, изланиш ва натижага интилиш намунаси, — деди Робахон Махмудова технопарк фаолиятини кўздан кечирар экан. — Шу боис, биз ёшларнинг инновацион ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларни миллий иқтисодиётнинг муҳим бўғинига айлантиришни устувор вазифа, деб биламиз. Бир сўз билан айтганда, технопаркдаги амалий ишланмалар, ёшларнинг ўзига ишончи, соҳаларга инновация киритиш бўйича ташаббуслари ва технологик саводхонлиги мамлакатда ёшлар сиёсати қандай реал самара бераётганини амалда намоён этмоқда. Adolat.uz | Facebook | Telegram | Instagram