Содержимое
Ҳеч ҳам ўксинманг, давлатимизнинг ҳимояси, ғамхўрлигидан исталган пайтда фойдаланиш ҳуқуқингиз бор Ҳар бир аёл тақдирида унинг жасорати, сабри ва умидини кўрсатадиган лаҳзалар бор. Аммо турмушдаги мураккаб синовлар, зўравонлик, ижтимоий ёлғизлик ва иқтисодий ночорлик айрим аёллар тақдирини пароканда қилади. Начора, ҳаёт фақат яхши кунлардан иборат эмас. Шунинг учун ҳам уларни ҳаётга қайтариш, қайта куч ва ишонч бағишлаш давлат ва жамият зиммасидаги муҳим вазифалардан бири саналади. Аҳамиятлиси, бу борада Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан қисқа фурсатда мамлакатимиз хотин-қизларининг ҳақ-ҳуқуқлари, ижтимоий муҳофазасини таъминлаш, касб-ҳунарли, даромад манбаига эга бўлишини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлларни жамиятга қайтаришга қаратилган эзгу саъй-ҳаракатлари Сирдарёда ҳам кенг қулоч ёзмоқда. Агентликнинг вилоят бошқармаси ҳамда Оила ва хотин-қизлар бошқармаси ўзаро ҳамкорликда кўплаб амалий ишларни олиб бориб, сезиларли натижаларга эришяпти. Шундан келиб чиқиб, мазкур йўналишдаги долзарб масалаларнинг вилоятдаги ижроси, айниқса, зўравонлик ва тазйиқ қурбонига айланган аёлларни жамиятга қайтариш борасида олиб борилаётган ишларни яқиндан ўрганиш учун Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги вилоят Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказида бўлдик. Афсуски, бу ерга келган аёлларнинг бошига тушган синовлар ҳақида гапириш бирмунча қийин. Бу можароларга кимнингдир спиртли ичимликка муккасидан кетган турмуш ўртоғи, кимнингдир қайнона-қайнотаси ёки бошқа учинчи шахс аралашуви сабаб бўлган. Лекин улар бу ерга келишдан аввал мурғак болалари билан кўчада сарсон, қароқлари турмушнинг аччиқ синовларидан ёшга тўлган эди. Бироқ давлатимиз уларни муҳофаза олиб, қўллаб-қувватлаяпти. Менимча, биргина мана шу эзгу ташаббус ҳам ҳозирги инсонпарварлик сиёсатимизнинг ёрқин далилларидан бири, шундай эмасми?! Марказ билан танишуви чоғида уларнинг ҳар бири билан дилдан суҳбатлашиб, ҳаёт йўллари, дуч келган муаммолари ва бугунги кундаги эҳтиёжларини ўргандик. Эътироф этиш керак, Марказда аёллар 6 ойгача бепул яшаш, психологик ва ҳуқуқий ёрдам олиш, меҳнат бозорига қайта мослашиш, касб-ҳунар ўрганиш каби кенг қамровли хизматлар билан таъминланган. Бунинг учун махсус реабилитация курслари, психотерапия машғулотлари, бандлик марказлари билан ҳамкорликда амалий йўналишлар ташкил этилган. Шунингдек, ижтимоий ҳимоя тизими ва партия маҳаллий кенгашлари ҳам уларнинг тақдирига бефарқ эмас. “Адолат” СДП вилоят Кенгаши билан узвий ҳамкорликда ўтказилаётган бепул тиббий кўриклар, маърифий учрашувлар, ҳуқуқий тарғибот тадбирлари уларнинг ҳаётини янада мазмунли қилишда муҳим ўрин тутяпти, албатта. Суҳбат чоғида маиший зўравонликка қарши қонунчилик асосларини янада мустаҳкамлаш, тизимли профилактик тадбирлар ва суд-ҳуқуқ органлари билан самарали ҳамкорликни кучайтириш зарурлигини яна бир бор англадик. Зеро, зўравонликка қарши кураш — бу фақат жазо масаласи эмас, балки ҳар бир инсонда адолат ва инсонийликни шакллантириш вазифаси саналади. Биз эса фақат оқибатни бартараф этиш эмас, сабабларини ўрганишимиз керак. Буни эса қонун, маърифат, ҳуқуқий ёндашув, руҳий қўллаб-қувватлаш билан бир қаторда давлат-жамият ҳамкорлигида амалга ошириш мумкин. Шу сабаб уларга ҳеч ҳам ўксинмасдан давлатимизнинг ҳимояси, ғамхўрлигидан исталган пайтда фойдаланиш ҳуқуқи борлигини айтиб, руҳий далда бердик ва ҳар доим ижтимоий-ҳуқуқий ёрдамга тайёрлигимизни маълум қилдик. Шунингдек, жабрланувчилар билдирган муаммо ва мурожаатларини ўрганиб, маҳаллий партия ташкилотлари ва давлат идоралари иштирокида назоратга олиб, уларга амалий ечим таклиф этамиз. Adolat.uz | Facebook | Telegram | Instagram