Содержимое
Партиянинг маҳаллий тузилмалари билан очиқ мулоқотда ислоҳотларга масъулиятли ёндашув масалалари кўриб чиқилди Тан олиш керакки, бугун юртдошларимиз мамлакат ва дунё саҳнида кечаётган шиддатли ўзгаришлардан етарлича хабардор, ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, муаммо ва мурожаатларини ҳал этишда фаол фуқаролик позициясига эга. Шу нуқтаи назардан, уларнинг сиёсий фаоллигини ошириш адолатли жамият барпо этишнинг мустаҳкам шарти саналади. Айниқса, сиёсий партияларнинг мазкур жараёндаги роли ниҳоятда муҳим. Сирдарё вилоятидаги партия шаҳар ва туман кенгашлари раислари, маҳаллий ҳамда ҳудудий кенгашлар депутатлари билан очиқ мулоқотда шу каби жиҳатларни муҳокама қилдик. Нафақат партия фаолиятидаги устувор йўналишлар юзасидан фикр алмашиш, балки жойлардаги ишларни тизимли равишда мувофиқлаштириш ва аъзоларнинг ташаббускорлигини қўллаб-қувватлашни ҳам эътибордан четда қолдирмадик. Мулоқот аввалида жорий йилнинг 16 июнь куни давлат раҳбари раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида кўтарилган масалалар, жумладан, олиб борилаётган ислоҳотлар натижадорлиги, маҳаллий ҳудудларда ишлар қандай кетаяпти, аҳолини ўйлантираётган муаммоларга амалда қандай ёндашувлар таклиф этилаётганига эътибор қаратдик. Боиси, бугунги кунда партиялардан ижтимоий-сиёсий фаоллик, ташаббускорлик ва амалий натижа талаб этиляпти. Бунга жавоб бериш учун ҳар бир депутат, ҳар бир маҳаллий раҳбар ўз ҳудудидаги муаммони билиши, одамлар ичида, уларнинг муаммоларини ҳал қилиш ҳаракатида бўлиши зарур. Учрашувда ижро интизоми масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратдик. Ҳар бир маҳаллий партия ташкилоти ўз фаолиятини натижага қаратилган ҳолда ташкил этиши, аҳоли муаммоларини ўрганиш, уларга ечим топиш бўйича аниқ режа ва механизмларга эга бўлиши зарурлиги қайд этилди. Шунингдек, партия аъзолари сафини кенгайтириш, янги аъзоларни фаол тарғибот ишлари орқали жалб этиш, аҳоли орасида танилувчанликни ошириш, жамоатчиликда партияга бўлган ишончни мустаҳкамлаш вазифаларини белгилаб олдик. Қолаверса, “Бор меҳримиз сенга, болажон!” шиори остида ўтказилган донорлик акцияси натижаларини кўриб чиқдик. Вилоят Қон қуйиш маркази бош шифокори томонидан билдирилган таклиф — ушбу акцияни йил давомида мунтазам ўтказиш ва донорлик ҳаракатини оммавийлаштириш ташаббусини маъқулладик. Сирдарёлик сафдошларимиз мазкур таклифни аҳоли саломатлигига эътиборнинг яна бир амалий ифодаси сифатида баҳолашди. Шунингдек, соғлом авлодни тарбиялаш, айниқса мактабгача таълим муассасаларида болалар соғлиғини эрта таҳлил қилиш масаласи учрашув кун тартибининг муҳим мавзуси бўлди. Сколиоз ва яссиоёқлик каби касалликларни олдини олишга қаратилган “Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур!” лойиҳаси орқали вилоятдаги боғчаларни кенг қамраб олиш ва натижалар асосида тизимли мониторинг йўлга қўйиш вазифаси қўйилди. Йиғилишда яна бир муҳим партия ташаббуси — июль ойида ўтказилиши режалаштирилган одам савдосига қарши ойлик тадбирлари муҳокама қилинди. Ушбу жараёнда Сирдарё вилояти партия ташкилотлари намунали фаоллик кўрсатиши, аҳолини хабардор қилиш, ҳуқуқий саводхонликни ошириш, хавф гуруҳидаги аҳоли қатлами билан алоҳида ишлаш бўйича аниқ режалар ишлаб чиқиш кераклигини таъкидладик. Зеро, “Адолат”нинг натижаси — халқ ичидаги амалиётида яққол намоён бўлса, халқ биздан рози бўлади. Adolat.uz | Facebook | Telegram | Instagram