Содержимое
Тикувчи хотин-қизлар даромад топмоқда Гулистон шаҳридаги Касбий кўникмалар марказидаги танишув давомида дастлаб талаб энг юқори бўлган йўналишлардан бири — тикувчилик курси тингловчилари билан мулоқот қилдик. Эътироф этиш керакки, мазкур ўқув дастури ишсиз хотин-қизлар учун нафақат даромад манбаи, балки ижтимоий камолот, ўзини англаш ва иқтисодий мустақилликка йўл очувчи имкониятлар майдонига айланган. Курсни тажрибали мутахассис — Феруза Шайбекова олиб бормоқда. У 6 йилдан буён шу соҳада меҳнат қилиб, 150 нафардан зиёд шогирд тайёрлаган, “World Skills” каби нуфузли касбий танловларда муваффақиятли қатнашиб, фахрли ўринларни эгаллаб келяпти. Айни пайтда у 20 нафар хотин-қизга тикувчилик сир-асрорларини ўргатмоқда. Муҳими, ўқув жараёни аёллар учун фақат бир ҳафта ёки бир ойлик машғулот эмас — бу улар ҳаётидаги янги саҳифа, янги босқич, демак. Масалан, тўлиқ иш билан банд бўлмаган, оиласини боқиш масъулиятини ўз зиммасига олган аёллар шу курс орқали касб эгаллаб, ўз уйида тикувчилик ишларини бошлаган. Улар нафақат фарзандлари учун, балки қўни-қўшнисидан буюртмалар қабул қилиб, кунлик эҳтиёжларини таъминлайдиган даражада даромад топмоқда. Айрим хотин-қизлар тикув машиналарини харид қилиб, кичик, аммо барқарор фаолиятини ривожлантираётгани қувонарли ҳол. Улар саришта рўзғор юритиш, мустақил даромад топиш, болалари таълими ва турмуш шароитини яхшилаш йўлида шаҳдам қадам ташламоқда. Бу — фақат меҳнат натижаси эмас, балки давлат ва жамият томонидан яратилаётган имкониятлар самараси, албатта. Алоҳида қайд этиш лозим, “Долзарб 90 кунлик” доирасида мактаб ўқувчи-қизлари ҳам ушбу курсларга жалб қилинган. Бу орқали ёшлар ўртасида касбга муҳаббат, ҳунарга қизиқиш, кичик ёшдан мустақил даромад топишдек ижобий ижтимоий кайфият шаклланяпти. Ёш қизлар бу ерда нафақат тикувчилик машғулотлари, балки ҳаётга тайёргарлик, мустақил қарор қабул қилиш, меҳнат қадри ҳақида билимларга эга бўляпти. — Тикувчиликни фақат маиший эҳтиёж эмас, балки миллий ва замонавий маданият ифодаси сифатида кўраман. Шундан келиб чиқиб, шогирдларим билан биргаликда замонавий либослар коллекциясини яратишни мақсад қилганман, — дейди курс раҳбари биз билан суҳбатда. Дарҳақиқат, мазкур даргоҳда ҳаёт йўли оғир кечган, аммо ўзлари қизиққан соҳа — тикувчиликни давлат кўмагида бепул ўрганиб, тирикчилик қилаётган ва орзулари сари матонат билан одимлаётган хотин-қизлар бор. Бу эса партиямиз илгари сураётган ижтимоий адолат, имкониятлар тенглиги ва инсон қадри устувор бўлган жамият ғоялари билан мутаносиб. Якунда уларнинг фаолият бошлаши ва зарур ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш бўйича тайёрлигимизни билдирдик. Adolat.uz | Facebook | Telegram | Instagram |Twitter | YouTube.