Содержимое
Қандолатчилик — фақат касб эмас, ижод ва имконият ҳамоҳанглигидир Гулистон шаҳридаги Касбий кўникмалар марказида эътиборимизни ўзига тортган йўналишлардан яна бири қандолатчилик курси бўлди. Мажозан олганда, бу ерга кирсангиз, бетакрор таъмга эга, кўриниши ажойиб турли туман ширинлик ва пишириқларнинг ифори димоғингизни қитиқлайди. Ёш қандолатчиларнинг қўли қўлига тегмайди. Курс ментори, профессионал қандолатчи Наргиза Шарипова билан суҳбатда курсдаги натижалар, хотин-қизлар фаоллиги, бозор муносабатлари ҳақида фикр алмашдик. У 7 йиллик фаолияти мобайнида 200 нафардан зиёд шогирд тайёрлаган. Ҳозирда Наргиза Шарипова 20 нафар хотин-қизга қандолатчиликдан сабоқ бермоқда. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, профессионал қандолатчи нафақат маҳаллий даражада, балки “World Skills” каби халқаро мезонлар асосида ўтказиладиган касблар танловида ҳам муносиб иштирок этади. Унинг шогирдлари тайёрлаётган маҳсулотлар нафақат мазали, балки эстетик жиҳатдан ҳам юксак даражада бўлиб, ҳар қандай буюртмачини ўзига жалб этади. Қандолатчилик курси орқали кўплаб хотин-қизлар ўз ҳаётида янги саҳифа очган. Айримлари курсни тамомлаганидан сўнг уйида буюртма асосида торт ва ширинликлар тайёрлаб сотишни бошлаган. Эътиборлиси, бу ширин машғулот уларга нафақат моддий даромад, балки ижод ва имконият манбаи сифатида хизмат қилмоқда. Наргиза Шарипова келажакда ўз брендини яратиш ниятида. Унинг орзуси — нафақат ширинликлар, балки аёллар ҳаётига умид, имконият ва эркинлик ҳиссини олиб кирувчи миллий қандолат брендини шакллантириш. Суҳбат сўнгида қандолатчи қизларимиз пиширган ширинликлардан, чанқоқбосди шарбатлардан татиб кўриб, бу маҳсулотлар келгусида ўз харидорини топишига амин бўлдик. Adolat.uz | Facebook | Telegram | Instagram |Twitter | YouTube.