Содержимое
Азиз юртдошлар! Барчангизни бугунги қутлуғ сана, 2 июль – Ўзбекистон Республикаси Давлат герби қабул қилинган кун билан самимий муборакбод этамиз! Давлат герби – бу шунчаки рамз эмас. У ўзида халқимизнинг бой тарихи, юксак маънавияти, орзу-умидлари ва буюк келажакка бўлган қатъий ишончини мужассам этган муқаддас тимсолдир. Унга боқар эканмиз, кўз ўнгимизда тинч ва озод Ватан, меҳнаткаш ва бағрикенг халқ, буюк аждодлар мероси ва навқирон авлод шижоати гавдаланади. Гербимизда акс этган бахт ва эркинлик рамзи бўлган Ҳумо қуши барча халқимиз қаторида, бизнинг “Адолат” партиямиз ҳам интилаётган ҳар бир инсон фаровон яшайдиган, адолатли жамият қуриш ғоясига ҳамоҳангдир. Тоғлар узра порлаётган қуёш – Янги Ўзбекистоннинг ёруғ истиқболини, буғдой бошоқлари ва очилган пахта чаноқлари эса юртимизнинг беқиёс бойлиги, халқимизнинг ризқ-насибаси ва меҳнаткаш инсонларнинг муносиб ҳаёт кечириши учун амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ифодасидир. Бу тимсоллар ҳар биримизни ана шу муқаддас қадриятларни асраб-авайлашга, уларни ҳар бир фуқаро ҳаётида рўёбга чиқариш учун сидқидилдан хизмат қилишга ундайди. Биз учун давлат герби – бу адолат, тинчлик ва тараққиёт йўлидаги масъулиятимизни доимо ёдга солиб турувчи буюк маёқдир. Барчангизга яна бир бор байрам муборак бўлсин! Осмонимиз мусаффо, юртимиз тинч, мустақиллигимиз абадий бўлсин! Давлатимиз гербидаги Ҳумо қуши каби Ўзбекистонимизнинг парвози доимо сарбаланд бўлсин! Adolat.uz | Facebook | Telegram | Instagram