Содержимое
#Муносабат ЙЎЛЛАРДА АДОЛАТ ВА ХАВФСИЗЛИКНИ ТАЪМИНЛАШ – БАРЧАМИЗНИНГ БУРЧИМИЗ! Президентимиз раислигида бўлиб ўтган йўл ҳаракати хавфсизлиги масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши, мамлакатимиз учун энг оғриқли нуқталардан бирига айланган муаммонинг ечимига давлат миқёсида қанчалик жиддий ёндашилаётганини яна бир карра намоён этди. Йиғилишда таъкидланганидек, ўтган йилнинг ўзида 2 203 нафар фуқаромизнинг ҳаётдан бевақт кўз юмгани, ҳар тўртинчи авария ўлим билан якунланаётгани – барчамизни ҳушёрликка чорлаши, масъулиятни чуқур ҳис этишга ундаши шарт. Давлатимиз раҳбари томонидан эълон қилинган янги ташаббуслар ва дастурлар партиямизнинг ғоялари билан ҳамоҳанг эканлиги биз учун алоҳида аҳамиятга эга бўлди. Бу, ўз навбатида, олдимизга белгилаб олган мақсадларимизни ҳаётга самарали татбиқ этиш имкониятидир. ➖ Биринчидан, Президентимиз томонидан илгари сурилган “Сурункали қоидабузарлар” дастури ва қоидабузарликлар учун жазо чораларини кучайтириш, хусусан, тезликни 2-3 карра оширганларни ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиш таклифи – “Адолат” СДПнинг ашаддий қоидабузарларга нисбатан муросасиз кураш олиб бориш ҳақидаги позициясига муштарак ва айни давр учун муҳим ташаббусдир. Зеро, “Жаримани тўлаб, билганимдан қолмайман” деган қарашга энди ўрин бўлмайди. Биз бу борадаги чораларни янада кучайтириш тарафдоримиз ва ўзимизнинг энг қатъий таклифимизни яна бир бор эслатиб ўтмоқчимиз: транспорт воситасини маст ҳолда бошқариб, одам ўлимига сабабчи бўлган шахслар умрбод ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши шарт. Бу адолатнинг энг олий кўриниши бўлар эди. ➖ Иккинчидан, хавфсиз инфратузилма – хавфсиз ҳаёт гарови. Йўл инфратузилмасини яхшилашга қаратилган “Хавфсиз йўл” миллий дастури ва бунинг учун алоҳида жамғарма ташкил этилиши партиямизнинг йўлларни ривожлантириш, пиёдалар учун хавфсиз шароит яратиш борасидаги ғояларига тўла мос келади. Айниқса, муаммоларни аниқлаш ва маблағларни йўналтиришда аҳоли фикрини ўрганувчи электрон порталнинг ишга туширилиши шаффофлик ва жамоатчилик назоратини таъминлашда улкан қадамдир. Партиямиз ушбу дастур доирасида янги қуриладиган ва таъмирланадиган йўлларни босқичма-босқич цемент-бетон қопламасига ўтказиш масаласини кўриб чиқишни таклиф қилади. Бу, дастлабки харажатлари юқорироқ бўлса-да, узоқ йиллик чидамлилиги ва кам таъмирталаблиги эвазига ўзини тўлиқ оқлайдиган, стратегик жиҳатдан тўғри сармоядир. ➖ Учинчидан, йиғилишда жамоат транспорти фаолиятини субсидиялаш, йўналишларни оптималлаштириш ва ташувчиларнинг масъулиятини ошириш бўйича белгиланган вазифалар партиямиз дастурий мақсадларида қайд этилганидек, тартибга солинган график, электрон тўлов тизими ва қулай транспорт воситалари шаҳарларимиздаги тирбандликни камайтириш ва фуқароларнинг вақтини тежашга хизмат қилади. Мухтасар айтганда, “Адолат” социал-демократик партияси йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги ислоҳотларни, Президентимиз томонидан белгиланган барча вазифаларни тўлиқ қўллаб-қувватлайди. Биз фуқароларимиз хавфсизлигига дахлдор ташаббус ва вазифаларнинг амалга оширилишида, тегишли қонунчилик базасини такомиллаштиришда фаол иштирок этишга ва ижро устидан қатъий парламент ва жамоатчилик назоратини ўрнатишга тайёрмиз. Зеро, ҳар бир фуқаронинг хавфсиз ва адолатли муҳитда яшаш ҳуқуқини таъминлаш – барчамизнинг бурчимиздир! Adolat.uz | Facebook | Telegram | Instagram