Содержимое
#Жиззах_вилояти #Ўрганиш Суд мустақиллиги — адолат мезони, ҳуқуқий давлат пойдевори Аслида, “адолат” деган сўз ҳар бир фуқаронинг онгида, аввало, одил ва холис судлов жараёнини гавдалантиради. Ҳақиқат излаган одам сўнгги умидни судга боғлайди. Зеро, суд — энг олий, ҳал қилувчи ва адолатни қарор топтирадиган маскандир. Шу боис, суд тизимининг самарадорлиги ва холислиги жамиятдаги умумий адолат ва қонун устуворлигининг асосий кўрсаткичига айланган. Шу нуқтаи назардан, партия ишчи гуруҳи билан ўрганишларимиз Жиззах вилоят судидан бошланди. Унда суд-ҳуқуқ тизимининг жойлардаги реал аҳволи, судьялар фаолияти, уларнинг мустақил қарор қабул қилиш имкониятлари, ҳуқуқий муҳит ва фуқароларнинг ишончига таъсир этувчи омиллар атрофлича таҳлил этилди. Суд раҳбарияти ва ходимлари билан бўлган очиқ мулоқотимизда қатор масалалар – жумладан, мураккаб фуқаролик ва жиноят ишлари ечимида учраётган тўсиқлар, суд-тергов жараёнларидаги ҳуқуқий механизмларни муҳокама қилдик. Вилоят суди раиси Акрам Шукуров ҳудудда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари мамлакат раҳбарининг сиёсий иродаси ҳамда қонунчилик ташаббуслари билан уйғунликда олиб борилаётганини алоҳида таъкидлади. Хусусан, “Адолат” социал-демократик партияси ташаббуси билан илгари сурилаётган “Судьялар мақоми тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш, фуқаролик ишлари бўйича ҳар бир туманда алоҳида судларни ташкил этиш, судлар ихтисослашувини кенгайтириш масалалари келгусида суд ҳокимиятини янада мустақил ва таъсирчан тузилмага айлантиришга хизмат қилишини қайд этди. Тан олишимиз лозим, амалдаги ислоҳотлар натижасида суд ишлари соҳалар кесимида ихтисослашмоқда. Фуқаролик, жиноят ва маъмурий ишлар алоҳида суд органларида кўриб чиқилаётгани судлов тизимини самарали, шаффоф ва мутахассислашган ҳолга келтирмоқда. Мулоқот чоғида соҳага боғлиқ тармоқлардаги ислоҳотлар ҳам эътибор марказида бўлди. Хусусан, тиббиёт ва фармацевтика соҳалари ўртасида ҳуқуқий ҳамкорлик механизмларини такомиллаштириш, аҳоли манфаатларига хизмат қилувчи тизимни яратиш, шу орқали саломатликни таъминлашда ҳуқуқий кафолатларни мустаҳкамлаш масалалари бўйича партиямиз олиб бораётган ишлар ҳақида йиғилганларга маълумот бердик. Савол-жавоблар жараёнида, амалиётда кўп учрайдиган ҳолатлар — айниқса оилавий низоларда мулк бўйича келишмовчиликлар, никоҳ шартномаларининг ҳуқуқий кучини қайта кўриб чиқиш, маъмурий судлар орқали келишув механизмларини янада самарали қилиш борасида таклифлар билдирилди. Судья Азамат Абдусатторов ўз нутқида кредит сиёсати доирасида ундирув ишларининг жиноят судларидаги улуши 20-30 фоизгача етиб қолганини, натижада судлар банклар манфаатини ҳимоя қилувчи восита сифатида кўрилаётгани хавфини билдирди. У бундай ишлар иқтисодий судда соддалаштирилган тартибда кўрилиши, халқаро имтиҳон тизимига мувофиқ ҳолда холисликни таъминлаш бўйича қонунчилик асосларини кучайтириш зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, снос бўйича эски турдаги уйларга нисбатан адолатли компенсация миқдорини белгилаш, иш ҳақи ўз вақтида тўланмаганда компенсацияни ҳисоблашдаги аниқ чегараларни белгилаш таклифини берди. Судьялар билан мулоқотимизда киберҳуқуқ ва рақамли хавфсизлик масалалари ҳам эътибордан четда қолмади. Таъкидлаш жоиз, Жиззах вилоятида киберхужумлар ортидан келиб чиқаётган молиявий йўқотишлар ҳолатлари 60 фоизгача етиб, жиддий хавотир уйғотмоқда. Мазкур ҳолатлар ахборот хавфсизлиги соҳасидаги ҳуқуқий механизмларни қайта кўриб чиқиш, айниқса, шахсий маълумотларни муҳофаза қилиш, киберхужумларга қарши жавобгарликни қатъийлаштириш заруратини кўрсатиб берди. Биз юқоридаги ҳолатларни алоҳида ўрганиб, ҳуқуқий механизмларни чуқур таҳлил қилиб, тегишли қонунчиликка таклифлар киритиш устида иш олиб борамиз. Adolat.uz | Facebook | Telegram | Instagram