Содержимое
#Жиззах_вилояти #Ўрганиш “Лалмикор” — ҳамжиҳатлик қарор топган маҳалла: адолат, ижтимоий ҳимоя ва фаоллик маскани Дарҳақиқат, маҳалла — бугунги Ўзбекистонда инсон манфаатлари марказга қўйилган янги бошқарув моделидаги энг муҳим ижтимоий тузилма. У давлат билан халқ ўртасидаги амалий кўприк, ишонч муҳити ва одамларнинг ҳаёт сифатини белгилаб берадиган дастлабки боғланиш нуқтасидир. Жорий ўрганишлар доирасида Зарбдор туманидаги “Лалмикор” маҳалласида бўлиб, “маҳалла еттилиги”нинг аҳоли билан ҳамкорлиги, ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал қилишдаги иштироки билан танишдик. Таъкидлаш керак, 2017 йилда янгича номда қайтадан ташкил топган “Лалмикор”да бугун 668 та хонадонда 3 741 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилмоқда. Маҳалла аҳолисининг 70 фоизини ёш оилалар ташкил этади. Бу ердаги янгиланиш ва юксалишга бўлган интилиш Президентимизнинг ўтган йил 9 апрель куни ушбу маҳаллага ташрифидан сўнг янги босқичга кўтарилди. Давлатимиз раҳбари ўз ташрифи давомида маҳалладаги йўллар, инфратузилмалар, “Яшил макон” доирасидаги ободонлаштириш ишлари ҳамда аҳолининг томорқачилик салоҳияти билан танишган эди. Маҳалладаги ташландиқ жойлар бугун ҳосилдор ерларга, сўлим боғларга айланган. Аҳоли асосан деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланади. Ҳар бир хонадоннинг ўз томорқаси бор. Қолаверса, аҳоли учун 126 гектар ер ажратилиб, бозорбоп резавор мевалар — хўжағат, маймунжон, голубика каби маҳсулотлар етиштириш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Бу мевалар ҳосилга киргандан сўнг экспортчилар томонидан харид қилинади — бу эса маҳалла аҳолисининг даромад манбаи ошишига хизмат қилмоқда. Президентимиз ўшанда сифатли маҳсулот етиштириш учун аҳолига агротехник билимлар бериш, банклар билан манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш бугунги куннинг долзарб вазифаси ҳисобланишини қайд этганди. Суҳбат чоғида Президентимиз раислигида жорий йил 9 июль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган устувор вазифалар ижросини ҳам алоҳида муҳокама қилдик. Жумладан, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, инфратузилмани яхшилаш, тирбандликларни камайтириш, ёш ҳайдовчиларнинг масъулиятини ошириш борасида маҳаллада амалга оширилаётган ишларни кўриб чиқдик. "Бувижонлар гуруҳи" ва маҳалла нуронийларининг профилактика ишларидаги иштирокини кучайтириш, аҳолида ҳуқуқий онг ва фуқаролик масъулиятини оширишга қаратилган тадбирларни мунтазам йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди. Учрашув якунида фаолияти ва ижтимоий масъулияти билан бошқаларга ўрнак бўлаётган “маҳалла еттилиги” аъзоларини “Адолат” СДП сафига қабул қилдик. Уларга партия гувоҳномаларини тантанали тарзда топширдик. “Бувижонлар гуруҳи” аъзоларига ҳам партиянинг эсдалик совғаларини тақдим этдик. Adolat.uz | Facebook | Telegram | Instagram