Содержимое
#Жиззах_вилояти #Ўрганиш Томорқа — хонадон фаровонлиги манбаи Бугунги кунда аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш, инфляция ва бозордаги нарх мувозанатини барқарор сақлаш, ижтимоий кайфиятни барқарорлаштириш ва боқимандаликка қарши тизимли ёндашувни шакллантиришда томорқачилик — самарали ечимлардан бири сифатида эътироф этилаётир. Очиғи, айни пайтда бу масала ҳар жиҳатдан долзарб — энди уй атрофидаги 5–10 сотих ер шунчаки ўт ўсиб ётадиган бўш майдон бўлмаслиги, аксинча илм, меҳнат ва ташаббус орқали даромадли бизнес, озиқ-овқат манбаи, ҳатто ижтимоий фаровонлик манбаи бўлиб хизмат қилиши зарур. Мазкур ёндашувнинг амалий тасдиғини биз лалмикорлик “Энг яхши томорқачи” кўкрак нишони соҳиби, моҳир чевар ва меҳнатсевар боғбон Ўрозгул Аҳмедова хонадонида кузатдик. Унинг томорқасида қишлоқ меҳнатининг шарафи акс этган, нафақат уйда, балки маҳалласини ҳам обод қилишга ўз ҳиссасини қўшмоқда. Хонадонда 15 сотихли иссиқхона мавжуд бўлиб, унда мавсумга қараб қулупнай, саримсоқпиёз, резавор мевалар ва гуллар етиштирилади. Жорий йилдан бошлаб гул кўчати парваришлаш йўлга қўйилган. Ҳосили бозорбоп, талаби юқори, ойига 7–8 миллион сўмлик даромад келтирмоқда. Албатта, мазкур натижа, ўз ўрнида, кичик меҳнат орқали иқтисодий барқарорликка эришиш мумкинлигини кўрсатади. Эътиборлиси, “устоз-шогирд” анъанаси асосида қизлари билан бирга меҳнат қилади. Бу йил қизи олий таълим муассасасига кириш арафасида. Ўрозгул опа фарзандлари учун фақатгина иқтисодий шароит яратиб бермаяпти, балки уларга меҳнатсеварликни, ташаббускорликни ва мустақил ҳаёт учун керакли кўникмаларни ҳам ўргатмоқда. Бизни қувонтиргани — Ўрозгул Аҳмедованинг ташаббускорлиги маҳаллада бошқа аёллар учун ҳам илҳом манбаига айланган. Уларнинг кўпчилиги ундан маслаҳат сўраб, ўз томорқаларини қайта жонлантирди, гуллар, қулупнай, ҳатто голубика (қора қорағат) етиштиришни бошлади. Маҳаллада ҳозирда 30 сотих ерда тажриба сифатида голубика парваришланган бўлса, ҳозир лалмикорлик кўплаб аёллар бунинг пандини олишган. Илгари тувакда ўстириладиган ушбу мевалар энди иқлимга мослаштирилиб, очиқ майдонда етиштирилмоқда. Бу эса маҳалладаги илм, тажриба ва янгиликка очиқлик даражасини англатади. Аҳолининг бундай фаоллиги ҳудуддаги ижтимоий кайфият, иқтисодий мустақиллик ва ўзаро ўрнак олиш маданиятини кучайтирмоқда. Фуқаролар бир-биридан илҳомланиб, бир-бирига кўмаклашмоқда. Бу эса маҳаллада барқарорликни мустаҳкамловчи омилдир. Ўрозгул опанинг ҳаёт тарзи ва меҳнатга муносабати уни нафақат маҳалланинг фаоли, балки жамоатчиликдаги етук фуқаро сифатида ҳам танитди. Шу боис, қаҳрамонимизни “Адолат” партиямиз сафига қабул қилдик. Шунингдек, бу ердаги суҳбат давомида эҳтиёжманд аёлларнинг таклиф ва фикрларини ҳам тингладик. Маҳалла кўчаларини тунги ёритиш тизими билан таъминлаш ишларини бошлаш, бу жараённи партия ва жамоатчилик назоратида олиб бориш лозимлигини таъкидладик. Маҳалланинг ёшлари ҳам ташаббусдан четда эмас. Мактаб тўгараклари, спорт ва маданият лойиҳалари орқали уларнинг бўш вақти мазмунли ташкил этиляпти. 2023 йилда мактабни битирган 32 нафар ёшдан 20 нафари олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилингани шундан далолат. Айни пайтда “драйвер соҳа” сифатида аёллар орасида сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва сотиш кенг оммалашмоқда. 50 нафар аёл мазкур йўналишда касбий билим ва кўникмаларга эга бўлиб, туман бозорларини сут, қатиқ, қаймоқ каби маҳсулотлар билан таъминлашга ҳисса қўшмоқда. Айни пайтда 144 нафар аёл “Аёллар дафтари”да рўйхатда турса, улардан 28 нафарига моддий ёрдам кўрсатилган, 38 нафари эса туман тиббиёт муассасаларида чуқурлаштирилган кўрикдан ўтказилган. Хотин-қизлар фаолининг ташаббуси билан оғир ижтимоий аҳволда бўлган 6 нафар боланинг шароити яхшиланган, 4 нафар аёл касаначиликка йўналтирилган. Қолаверса, икки нафар моҳир тикувчи маҳалладаги 25 нафар қизга чеварлик асосларини ўргатаётгани, ушбу устоз-шогирд анъанаси қайта тикланаётганининг ўзиёқ намуна бўлишга арзийди. Adolat.uz | Facebook | Telegram | Instagram