Содержимое
#Жиззах_вилояти #Ўрганиш БИРГА ЯШАЙМИЗ, БИРГА МЕҲНАТ ҚИЛАМИЗ! “Ezgu niyat” — кўнгилларга нур, ҳаётга мазмун бағишлаётган маскан Ҳар бир инсон жамиятда ўзининг муносиб ўрнини эгаллаш учун фаол меҳнат қилиш, турмушини яхшилаш ва ижтимоий кафолатлардан унумли фойдаланиш ҳуқуқига эга. Лекин тақдир бу борада ҳаммага ҳам бир хил имконият тақдим этмаган. Кимгадир бу ёруғ оламнинг гўзаллигини рўйи-рост кўрсатса, бундай неъмат яна кимнингдир кўзида эмас, қалбида жилваланади. Шундай бўлса-да, Ватан тақдирига дахлдор ҳамюртларимиз, шукрки, салмоқли. Уларнинг жасорати, сабри ва ҳаётга бўлган муҳаббати баъзи соғлом инсонларга қараганда анча кучли ва равшанроқ. Жиззах шаҳрида жойлашган Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти тизимидаги “Ezgu niyat ўқув ишлаб чиқариш корхонасига борганимизда кўнглимдан шу фикрлар ўтди. Бу жой нафақат ижтимоий муассаса, балки имконияти чекланган бўлса-да, ҳалол меҳнати орқали юрт тараққиётига ўзларининг муносиб ҳиссасини қўшаётган фуқароларни жамлаган нурли маскан эканига амин бўлдик. Сўнгги йилларда юртимизда имконияти чекланган фуқароларни жамият ҳаётига фаол жалб этиш, уларни моддий, маънавий ва ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Корхона раҳбари Наргиза Тўйчиеванинг бизга маълум қилишича, айни пайтда масканда 27 нафар ходим меҳнат қилаётган бўлса, уларнинг 6 нафарини биринчи гуруҳ, 2 нафарини 2-гуруҳ, 13 нафарини бошқа турдаги ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда 6 нафарини соғлом фуқаролар ташкил этади. Улар электромонтаж воситалари, спорт инвентарлари қисмларини йиғиш ва ишлаб чиқариш билан шуғулланмоқда. Бу жараён нафақат иш ўрни, балки ўзини тўлақонли фуқаро сифатида ҳис этиш, даромад топиш, мустақил турмуш кечириш имкониятини яратади. Корхонада ходимлар учун иш шароитлари, ойлик маош ва ижтимоий ҳимоя чоралари белгиланган. Ишчилар билан суҳбатда “Адолат” социал-демократик партияси имконияти чекланган шахсларни қўллаб-қувватлашни ўзининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгилаганини, шу мақсадда илк бор янги таҳрирдаги Конституциямизнинг аудиокитоби ва Брайл алифбосидаги варианти тайёрланиб, имконияти чекланган фуқароларга тақдим этилаётганини маълум қилдик. Бирга яшаш – ҳамжиҳатлик. Бирга меҳнат қилиш – қадр. Бирга ривожланиш – тараққиёт! Ана шу тамойил асосида ташкил этилган “Ezgu niyat” каби масканлар нафақат ижтимоий ечим, балки миллий тараққиётимизнинг юзи, инсон қадрини юксалтиришга хизмат қилувчи инсонпарвар механизм ҳисобланади. Мулоқот жараёнида уларни қўллаб-қувватлаш, иш шароитларини яхшилаш, фаол ҳаётга кенгроқ жалб этиш юзасидан аниқ таклиф ва ташаббусларни илгари сурдик. Adolat.uz | Facebook | Telegram | Instagram