Содержимое
#Жиззах_вилояти #Ўрганиш Жиззахлик “адолатчилар” билан одам савдосига қарши курашиш ойлигини вилоятда юқори савияда ташкил этиш масалаларини муҳокама қилдик Яхши биласиз, давлат ва жамият тараққиётига ғов бўладиган асосий иллатлардан бири, ҳар биримиз учун инсонийлик мезонлари ва ҳуқуқий жиҳатдан долзарб бўлган муаммолардан бири — одам савдоси ҳисобланади. Ижтимоий тармоқларда бу борада ҳозир ҳам оғриқли мисоллар, жиноятлар ҳақидаги хабарлар тез-тез учрамоқда. Таҳлилларга кўра, сўнгги йилларда ушбу жиноятнинг турлари ва шакллари анчагина ўзгарган, тўғрироғи “замонавийлашган”. Жумладан, ижтимоий тармоқлар орқали сохта агентликлар, хориждаги юқори маошли иш таклифлари, “ўқишга ёрдам берамиз” деган ваъдалар ортидан ёшларимиз, айниқса, қизларимизнинг ҳаёти хавф остида қоляпти. Дунё миқёсида эса одам савдоси замонавий қулликнинг энг шафқатсиз кўриниши сифатида тан олинган. БМТ маълумотларига кўра, ҳар йили камида 2 миллионга яқин инсон одам савдосининг қурбонига айланмоқда ва уларнинг 70 фоиздан зиёди — аёллар ва қизлардир. Улар меҳнат эксплуатацияси, жинсий зўравонлик, мажбурий никоҳ ёки ҳатто ноқонуний тана аъзолари савдосига жалб этилаётгани — ҳар бир давлат, жамият учун хатарли сигнал ва унга қарши курашишни доимий эътибор марказидаги вазифа сифатида қарашни тақозо этади. Жиззах вилоят ва туман-шаҳар кенгашлари раислари, депутатлар, партия фаоллари билан Халқ депутатлари вилоят котибиятида ўтказган учрашувимизда мазкур жиҳатларга алоҳида тўхталдик. Бунда ойлик доирасидаги ишларимизни янада кенгайтириш, олдимизда турган вазифаларни муҳокама қилиб, самарали иш ташкил этиш нафақат ҳуқуқий ёки сиёсий масала, балки миллий онг, ижтимоий масъулият ва инсоний қадр-қимматни ҳимоя қилиш билан бевосита боғлиқ эканига урғу бердик. Таъкидлаш жоиз, ўтган 10 кунлик даврда республика бўйича 987 та тадбир ўтказиб, уларга 15 минг нафардан ортиқ фуқарони қамраб олишга эришдик. Жараёнларимиз тафсилоти ҳамкор ташкилотлар сайтида 385 маротаба, телевидение орқали 23 маротаба, партия расмий ва ҳудудий Телеграм каналлари орқали 1 минг 46 маротаба, ҳамкор ташкилотларнинг Телеграм каналлари орқали 903 маротаба, Фейcбук ва Инстаграм ижтимоий тармоқлари орқали 1 минг 587 маротаба, партиянинг марказий ва ҳудудий ташкилот газеталарида 30 маротаба, жами 4 минг 974 маротаба ёритилди. Йиғилишда мактаб, коллеж ва ОТМлардаги ёшлар орасида хавфли таклифларни таниш, хатарли аломатларни англаш бўйича аниқ механизмларни жорий этиш, аёллар ва ёшлар билан ишлайдиган маҳаллий идоралар фаолиятини таҳлил қилиш, сўнгги йилларда қайси туман ёки шаҳарда ушбу жиноят билан боғлиқ ҳолатлар кўп кузатилган бўлса, ўша ҳудудларда мақсадли, статистикага асосланган профилактик ишлар олиб бориш бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқишга келишиб олдик. Adolat.uz | Facebook | Telegram | Instagram