Содержимое
#Жиззах_вилояти #Ўрганиш ЙЎЛ ТАРТИБНИ ЁҚТИРАДИ Ёш ҳайдовчилар билан касб этикаси ва масъулият масалалари ҳақида фикр алмашдик Бугунги ҳаёт шиддати ҳар қачонгидан ҳам юқори. Кун сайин аҳоли сонининг ўсиши, автотранспорт воситаларининг кўпайиши йўллардаги ҳаракатни ҳар жиҳатдан тартибга солиш заруратини юзага келтирмоқда. Айни шу шароитда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш масаласи энди фақат ҳуқуқий эмас — ижтимоий, маданий ва ахлоқий масъулият даражасига кўтарилди. Бу нафақат давлат органларининг вазифаси, балки фуқароларнинг онги, тарбияси ва касб маданияти билан чамбарчас боғлиқ масалага айланди. Кўпинча йўлларда содир бўлаётган нохуш ҳолатлар — ҳайдовчиларнинг қонун-қоидаларга нисбатан беэътиборлиги, пиёдаларнинг эҳтиёткорликни унутиши, ҳаракатдаги масъулиятсизлик каби омиллар жамиятда ҳуқуқий онг ва касб ахлоқини янада мустаҳкамлаш зарурлигини кўрсатмоқда. Шу жиҳатдан келиб чиқиб, “Jizzakh Auto School” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишув давомида ўқиётган ёш ҳайдовчилар билан очиқ мулоқот ташкил этдик. Мулоқотда нафақат ҳайдовчилик малакаси, балки касб этикаси, фуқаролик бурчи ва юксак жавобгарлик ҳисси ҳақида фикр алмашдик. Боиси давлатимиз раҳбари ҳам мазкур долзарб масалага алоҳида эътибор қаратиб, жорий йилнинг 9 июль куни йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, инфратузилмани такомиллаштириш ва тирбандликларни камайтириш юзасидан видеоселектор йиғилишини ўтказди. Унда билдирилган танқидий фикрлар ва белгиланган вазифалар соҳага бўлган давлат эътиборининг жиддий эканини яна бир бор тасдиқлади. Маълум қилинишича, ўтган йил давомида ҳайдовчилар томонидан 24 миллионта ҳуқуқбузарлик содир этилган, шундан 81 фоизи қўпол қоидабузарликлардир. Самарқанд, Қашқадарё, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида бу муаммо янада долзарб. Ижтимоий тармоқларда “жаримани тўладим — демак, хоҳлаганимдек ҳаракатланишим мумкин” деган хато қарашлар кенг тарқалгани алоҳида таъкидланди. Шу сабаб, Президентимиз “Сурункали қоидабузарлар”га қарши алоҳида дастур жорий этилишини ва жазо муқаррарлиги қатъий таъминланишини билдирди. Айтиш жоиз, бу жараёнда автомактаблар зиммасига ҳам улкан масъулият юкланмоқда. Ҳайдовчиларни шунчаки техник жиҳатдан эмас, балки инсон ҳаёти учун жавобгарликни англайдиган етук шахслар сифатида тайёрлаш замон талабидир. Шу сабаб ҳар бир ҳайдовчи машина ҳайдашни нуфуз масаласи деб ўрганмаслиги, балки инсон ҳаёти учун масъул шахс сифатида шаклланиши кераклигини таъкидладик. Марказ раҳбари Мадаминжон Исломовнинг бизга билдиришича, бу борада мактабда тизимли ишлар йўлга қўйилган. Жорий йилнинг 12 февралида расмий лицензия билан иш бошланиб, қисқа фурсатда мустаҳкам моддий-техника базаси, самарали ўқув тизими ҳамда ишбилармон раҳбарият саъй-ҳаракатлари туфайли юқори натижаларга эришмоқда. “А” тоифада мототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, “В” ва “ВС” тоифаларида енгил ва юк ташувчи транспорт ҳайдовчилари учун комплекс ўқув дастурлари, “С” ва “Е” тоифаларида катта оғирликдаги автотранспорт воситалари ҳайдовчиларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича муассаса вилоятда таниқли бўлиб улгурган. Айни пайтда ўқув марказида 3 нафар малакали ўқитувчи назарий билим бериш, 12 нафар инструктор ҳайдаш амалиёти бўйича тингловчиларга амалий дарслар ўтиш, 4 нафар раҳбарият вакили персонал таълим жараёнининг юқори сифатини таъминлашга хизмат қилмоқда. Ўрганиш доирасида таълим жараёни, техник жиҳозлар, симуляторлар, автодром ҳолати, ўқув машиналар паркини кўздан кечирдик. Ёшлар ўртасида ҳайдовчиликка қизиқиш ортиб бораётганини инобатга олган ҳолда бу каби автомактаблар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, партия лойиҳалари билан интеграция қилиш соҳада масъулиятли фуқаролик позициясини мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидладик. Adolat.uz | Facebook | Telegram | Instagram