Содержимое
#Фракция ✅Қонун устуворлиги – бу ҳар бир инсоннинг ижтимоий ҳолати ёки моддий имкониятидан қатъи назар ўз ҳуқуқларини амалда тўлақонли ҳимоя қила олишидир. Афсуски, баъзан кам таъминланган фуқароларимиз малакали адвокат хизматидан фойдаланиш имкониятига эга бўла олмайдилар. 🔴 Бугун Қонунчилик палатасидаги фракциямиз билан айнан шу муаммога ечим топишга қаратилган муҳим қонун лойиҳасини муҳокама қилдик. Лойиҳанинг асосий мақсади – эҳтиёжманд шахсларга Конституциявий судга мурожаат қилишда давлат ҳисобидан бепул юридик ёрдам олиш имкониятини яратишдир. 📌 Маълумки, янгиланган Конституциямиз фуқароларга ўз ҳуқуқлари бузилишига сабаб бўлган қонун устидан Конституциявий судга шикоят қилиш ҳуқуқини берган. Бироқ, шу кунгача кам таъминланган фуқароларимиз ушбу ҳуқуқдан фойдаланишининг аниқ механизми мавжуд эмас эди. Шу нуқтаи назардан, мазкур қонун лойиҳаси мавжуд ҳуқуқий бўшлиқни тўлдириши билан биз учун муҳим аҳамият касб этди. 🔴Аҳолимиз томонидан бундай юридик ёрдамга эҳтиёж юқори. Масалан, 2024 йилнинг ўзида Конституциявий судга 1 800 дан ортиқ мурожаат келиб тушган. Бу кўрсаткич фуқароларимизнинг адолатни қарор топтиришга интилиши юқори эканлигини ва ўз навбатида, уларга профессионал ҳуқуқий кўмак зарурлигини кўрсатади. ⚖️Шу боис, бугунги йиғилишда фракциямиз аъзолари билан мазкур лойиҳани концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватладик. Зеро, бу ўзгариш ижтимоий адолат тамойилларига тўла мос келади. Қонуннинг қабул қилиниши кам таъминланган фуқаролар учун ҳам ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишда тенг имкониятлар яратиб, жамиятда қонун устуворлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Adolat.uz | Facebook | Telegram | Instagram