Содержимое
#Муносабат ЎЗБЕКИСТОН — УМУМИЙ УЙИМИЗ Ягона Ватан, муштарак тақдир ва барқарор келажак истиқболлари Халқлар дўстлиги куни муносабати билан Президентимиз томонидан йўлланган байрам табриги сўнгги йилларда Янги Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий ҳаётида шаклланаётган миллий ва фуқаровий бирдамлик, бағрикенглик ва ўзаро ҳурмат муҳитини ўзида акс эттиргани билан эътирофга сазовордир. Бу эса нафақат рамзий, балки мустаҳкам қонунчилик, адолатли давлат бошқаруви ва инсон қадрини улуғловчи сиёсатимизга асосланган прагматик позиция сифатида миллий тараққиётимизда алоҳида аҳамият касб этади. Дарҳақиқат, азал-азалдан умумий уй, умумий тақдир ва муштарак келажак ғояси бизни ҳамиша юксак марраларга ундаб келган. Мана шу тамойил асосида турфа миллат ва элатлар ўз тили, дини, маданияти қандай бўлишидан қатъи назар, ўзини бу юртнинг тўлақонли, тенг ҳуқуқли ва дахлсиз аъзоси сифатида ҳис этиши бугунги кунда ҳам тобора мустаҳкамланиб боряпти. Хусусан, мамлакатимиздаги 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари миллий ва маданий ўзлигини эркин ифода этаётгани, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бирига айлангани ҳам сўзимизни исботлайди. Аҳамият қаратсак, юртимизда миллатлараро муносабатлар соҳасидаги ислоҳотлар айни вақтга келиб, нафақат ички барқарорликни таъминлаш, балки мамлакатимизнинг халқаро имижи, минтақавий етакчи сифатидаги мақомини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилаётганини кўрамиз. Айниқса, давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган халқлар дўстлигини мустаҳкамлаш, минтақавий ҳамкорлик ва яхши қўшничилик сиёсати самарасида “Марказий Осиё руҳи” деган янги тушунча дунё сиёсий лексиконида мустаҳкам ўрин олди. Шубҳасиз, ушбу “руҳ”ни шакллантиришда халқ дипломатияси, миллий маданий марказлар ва ватандошлар бирлашмаларининг фаол иштирок этаётганини алоҳида эътирофга лойиқ, деб баҳолаймиз. Бунда барча миллат ва элатлар вакилларининг тинч, фаровон ҳаёти, адолатли имкониятлар муҳитида яшаши, фуқаровий тенглик ва ўзаро ҳурматнинг амалда таъминланиши эса бугунги куннинг, шубҳасиз, энг катта бойлиги ҳисобланади. Чунки миллатлараро тотувлик фақат маънавий қадрият эмас, балки мустаҳкам тараққиёт асосидир. Барқарорлик, ижтимоий адолат ва инсон ҳуқуқларига риоя каби илғор тамойиллар айнан шундай бағрикенг муҳитда ривожланади. 🔴 Шу нуқтаи назардан, “Адолат” социал-демократик партияси миллатлараро ҳамжиҳатликни таъминлаш, турли тоифадаги фуқаролар ўртасида тенг ҳуқуқлилик ва ижтимоий адолатни қарор топтириш устувор вазифа сифатида белгилаган. Партиямиз нафақат ҳуқуқий ва демократик воситалар орқали, балки инсон қадрини улуғлайдиган, адолат мезонларига асосланган сиёсат билангина фаровон жамият барпо этиш мумкин, деб ҳисоблайди. Шу боис, айни пайтда ҳам партиямизнинг барча бўғинлари — депутатлар, фаоллар, ёшлар ва жамоатчилик вакиллари жамиятда адолат, ўзаро ҳурмат ва миллатлараро ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш йўлида изчил ҳаракат қилмоқда. Умуман, юртимизда бу борада олиб борилаётган сиёсий фаолият ва масъулият натижасида мамлакатимизда умумий келажак ғояси халқлар дўстлиги руҳи билан боғланмоқда. Шу туфайли бугунги байрамни фақат расмий сана эмас, балки халқлар ўртасидаги муносабатларнинг юксак савиядаги ифодаси, десак, муболаға бўлмайди. Зеро, ягона Ватан, муштарак тақдир ва барқарор келажак — бу ғоялар атрофида бирлашган халқни ҳеч қандай ташқи ёки ички таҳдид енголмайди. Миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни янада мустаҳкамлаш эса Янги Ўзбекистонни барпо этишда халқлар ўртасидаги дўстлик ришталарини янада чамбарчас боғлашига ишонамиз. Adolat.uz | Facebook | Telegram | Instagram