Содержимое
🔴Ишчи гуруҳимиз билан дастлаб мамлакатимиз саноатининг фахри саналмиш — “Навоийазот” акциядорлик жамиятида бўлдик. Эътироф этиш жоиз, ушбу корхона — нафақат юртимиз, балки бутун Марказий Осиёда минерал ўғитлар ишлаб чиқариш бўйича етакчи саналади. Бу ерда бугунги кунда 8 минг 600 нафардан зиёд ходим фидокорона меҳнат қилмоқда. Улар орасида 3 минг 450 нафар хотин-қизлар борлиги эса саноатда гендер мувозанатини таъминлашда эришилган муҳим натижалардан биридир. Қувонарлиси, мажмуада хотин-қизлар манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида бошқарув раиси ўринбосари лавозими жорий этилган ва Хотин-қизлар қўмитаси самарали фаолият олиб бормоқда. Мазкур тизимли ёндашув ўз самарасини бериб, ўтган йили тармоқ “Гендер тенглигини таъминлаш бўйича энг яхши ташкилот” сифатида тан олингани ҳудудда гендер тенглигига бўлган муносабатдаги ижобий трансформацияни англатади. Меҳнат жамоаси билан учрашувимиз давомида саноат ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги ўзаро уйғунлик, илм-фан ютуқларининг кенг татбиқи ҳамда ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш борасидаги фикр алмашдик. Албатта, бугунги кунда ҳар қарич ерни унумли ўзлаштириш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва аҳоли учун сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш глобал аҳамият касб этаётгани барчага аён. Шу нуқтаи назардан, “Навоийазот” меҳнат жамоасининг саъй-ҳаракатлари нафақат саноат, балки агросаноат тизимидаги ютуқларга ҳам муносиб ҳисса қўшаётганини алоҳида таъкидладик. Партиямизнинг дастурий мақсадларидаги табиий ресурслардан самарали фойдаланиш, экологик тоза ва барқарор саноат технологияларини жорий этиш, фуқароларнинг ижтимоий фаровонлигини таъминлаш айнан шундай фидойи меҳнат жамоалари кўмагида ҳаётга татбиқ этилишига ишонамиз. Тадбир давомида жамият бошқаруви раисининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари Насиба Содиқова партиямизнинг бошланғич ташкилотини тузиш ташаббусини илгари сурди. Ушбу таклифни мамнуният билан қўллаб-қувватлаб, партиямиз ғояларига хайрихоҳлик билдирган 50 нафардан ортиқ фаол ходимни сафимизга қабул қилдик. Adolat.uz | Facebook | Telegram | Instagram