Содержимое
🗺Навоий бўйлаб сафаримиз давомида республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг вилоят филиалида бўлдик. 📌 Аввало, ушбу вилоят республикамизнинг ҳудуд жиҳатдан энг йирик минтақаси эканини таъкидлаш жоиз. Бу заминда бир миллион нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Шундан қарийб 510 минг нафари хотин-қизлар ҳиссасига тўғри келади. Шу нуқтаи назардан ҳомиладор аёллар ўртасида олиб борилаётган тиббий профилактик ишлар, муддатидан олдин ҳамда кам вазнда туғилган чақалоқлар бўйича амалга оширилаётган ишларни ўрганиш, таҳлил қилиш долзарб аҳамиятга эга. Зеро, фарзандларимиз баркамол туғилиши миллат эртасини белгилайди. Жорий йилнинг биринчи ярмида марказда 2948 та туғуруқлар амалга оширилгани муассасанинг аҳамиятини кўрсатмоқда. Ўрганиш давомида “Ишонч-2030” лойиҳаси бўйича харид қилинган замонавий жиҳозлар бўйича тўлиқ маълумот олдик. Ҳомиладорлик патологиясида оналар ва кам вазнли чақалоқларни парваришлаш учун мавжуд шароитларни ўргандик. — Сўнгги йилларда муассасамизга 11 турдаги 26 та замонавий тиббий аппаратлар келтирилди, — дейди марказ директори Акрам Эшонқулов. — Қолаверса, маҳаллий бюджетдан 720 млн сўм маблағ ажратилиши эвазига автогемотрансфузия аппарати харид қилинди. Унинг ёрдамида оғир туғуруқни бошидан кечирган аёлларга бирламчи шошилинч ёрдам кўрсатиш имкони яратилган. Эътиборга молик яна бир жиҳат, хотин-қизларда учрайдиган онкологик хасталикларни аниқлаш учун ПЦР-лаборатория ташхисларининг бевосита марказда ўтказилаётганидир. Ушбу хизмат тури орқали ҳар куни 180 нафаргача аёллардан намуналар олиняпти. ⚖️Марказ ходимлари билан суҳбатда тиббиёт соҳасидаги айрим муаммолар, жумладан шифокор ва фармацевтика ходимлари ўртасидаги манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш борасида фикр алмашдик.Бу каби нохуш ҳолатларга чек қўйиш бўйича амалий чоралар кўрилаётгани таъкидланди. Adolat.uz | Facebook | Telegram | Instagram