Содержимое
🔴Ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос, такрорланмас ҳунармандчилик анъаналари бор. Нурота замини эса асрлар давомида ўзининг бетакрор каштачилик мактаби билан донг таратган. Бугун ишчи гуруҳимиз билан туманнинг “Мустақиллик” маҳалласида бўлиб, ана шу қадимий санъатни қайта тиклаётган ва уни замонавий тадбиркорлик билан уйғунлаштира олган фидойи аёл – Баҳора Мамаражабова ташкил этган каштачилик маркази фаолияти билан танишдик. Бир пайтлар 4 нафар қиз билан кичик хонада бошланган ташаббус бугун маҳалладаги 80 нафар хотин-қизни доимий, 200 нафардан ортиғини эса касаначилик асосида иш билан таъминлаган катта марказга айлангани таҳсинга сазовордир. Қувонарлиси, мазкур марказ нафақат иш ўрни, балки ходимларнинг фарзандлари учун уй боғча ҳам ташкил қилиб, аёлларга ҳар томонлама қулайлик яратмоқда. “Маҳсулотларимизга нафақат ички бозорда, балки Қозоғистон, Россия, Туркия, ҳатто АҚШдан ҳам буюртмалар тушмоқда. Яқинда Хитой ва Малайзияда миллий кўргазма ташкил қилиш режамизда бор”, – дейди тадбиркор Баҳора Мамаражабова. 📌 Марказ “Долзарб 90 кун” лойиҳасида ҳам фаол иштирок этиб, ҳудуддаги мактабларнинг ёзги таътилдан унумли фойдаланиб, ҳунар ўрганиш истагида бўлган 25 нафар ўқувчиси учун “устоз-шогирд” анъанаси асосида каштачилик сирларини ўргатишни йўлга қўйган. 7-синф ўқувчиси Феруза Жўрабоеванинг “Каштачиликни ўрганиб, келажакда ўз марказимни очмоқчиман” деган орзу-истакларини эшитиб, бундай ташаббусларнинг аҳамияти нақадар юксак эканини яна бир бор ҳис қилдик. Баҳора Мамаражабова каби тадбиркор, меҳнаткаш ва ўз ортидан бошқаларни эргаштира оладиган аёллар – бугунги Янги Ўзбекистоннинг ҳақиқий бунёдкорларидир. Adolat.uz | Facebook | Telegram | Instagram