Содержимое
Жойларда аҳоли билан юзма-юз мулоқот қилиш, уларнинг муаммолари ҳамда таклифларини эшитиш ва амалий ечимлар топиш – фаолиятимизнинг энг муҳим ва масъулиятли қисмидир. 🔴 Партиямиз вакиллари билан Нурота туманида ўтказган сайёр қабулимизда маҳаллий аҳоли вакиллари билан учрашиб, уларнинг таклиф ва ташаббусларидан катта куч олдик, десак адашмаган бўламиз. Боиси, қабулимизга келган мурожаатларнинг аксарияти тадбиркорлик, касб-ҳунар ўрганиш ва энг муҳими, илм олиш истаги билан боғлиқ масалалар бўлди. Айниқса, “Амир Темур” маҳалласида яшовчи Санобар Асқарованинг шижоати мени чуқур тўлқинлантирди. Санобархон болаликдаги орзусига эришиш учун 50 ёшида университетга ўқишга кириб, бу йил уни муваффақиятли тамомлабди ва энди фельдшерлик курсида ўқимоқчи. Бу матонат ва илмга ташналик олдида фақат тасанно айтиш мумкин. Шаҳноза Ҳазратова эса оғир ижтимоий шароит ва турмуш ўртоғининг ногиронлигига қарамай, олий маълумот олиб, бугун мактабгача таълим ташкилотида ишлаётганини айтди. Тадбиркор Нигина Каримова эса бир неча ҳунарни (пиллачилик, асаларичилик, нонвойликни) эгаллаб, ўз меҳнати билан рўзғорини обод қилаётгани ва энди фаолиятини янада кенгайтириш учун кўчма дўкон очишни мақсад қилаётган ташаббускор аёлларимиздан. Албатта, биз бундай ташаббусларни бор имкониятимиз билан қўллаб-қувватлаймиз ва ҳар бир масалани назоратга олиб, уларни ҳал этиш учун барча амалий чораларни белгилаб олдик. Зотан, мана шундай ташаббускор фуқароларга қанот бўлиш ҳамда уларнинг йўлидаги тўсиқларни олиб ташлашга кўмаклашиш – барчамизнинг устувор вазифамиздир. Adolat.uz | Facebook | Telegram | Instagram