Содержимое
ТАЪЛИМДА ТАЛАБ ВА ТАКЛИФ МУВОФИҚЛИГИ ИЖТИМОИЙ АДОЛАТНИ ТАЪМИНЛАШГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ Президентимиз раҳбарлигида олий ўқув юртлари битирувчилари бандлигини таъминлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Тадбирда олий маълумотга эга ёшларни бандлигини таъминлаш билан боғлиқ қатор муаммоларга амалий ечим берилгани аҳамиятга молик. 📌Қайд этиш жоизки, мамлакатимизда аҳолини олий таълим билан қамраб олиш даражаси сўнгги йилларда кескин ошди. Хусусан, бундан 8 йил аввал юртимиз аҳолисининг атиги 9 фоизи олий маълумотга эга бўлган бўлса, бугун ушбу кўрсаткич қарийб 50 фоизни ташкил қилмоқда. Бунда юздан ортиқ янги олий таълим муассасалари ташкил этилгани муҳим омил бўлди. Аммо тизимда ечимини кутаётган муаммолар ҳам мавжуд. Хусусан, кадрлар тайёрлаш тизимининг реал эҳтиёж билан мувофиқ эмаслиги меҳнат бозорида кўплаб ёшларнинг қўлида дипломи бўла туриб ишга жойлаша олмаслигига сабаб бўляпти. Бу нафақат самарадорлик муаммоси, балки ижтимоий адолат масаласи ҳамдир. Қолаверса, яқин йилларда 83 миллиард долларлик йирик лойиҳалар ишга тушиши, бунинг ҳисобига саноатнинг ўзида 500 мингга яқин мутахассисларга эҳтиёж пайдо бўлиши янгича ёндашувларни тақозо этмоқда. 📄Давлат раҳбари куюнчаклик билан шу каби муаммоларни санаб ўтди. Айниқса, ахборот технологиялари, робототехника, дастурлаш каби замонавий касб эгалари учун юзлаб иш ўринлари мавжуд бўлгани ҳолда меҳнат бозорида иш берувчилар талабига мос келадиган рақобатбардош кадрлар етишмаётгани айтилди. Оқибатда корхоналар четдан тайёр мутахассис жалб қилишга мажбур бўлаётгани масаланинг оғриқли жиҳатидир. Зотан, талабаларни олийгоҳда ўқитиб, мутахассис қилиб тайёрлашга миллионлаб бюджет маблағлари сарфланмоқда. Йиғилишда муаммоларга аниқ ечим бўла оладиган амалий таклифлар берилди. Хусусан, таълим ва амалиётни уйғунлаштириш, тармоқлараро боғлиқликни кучайтириш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди. 🌐 Бунда нефть-газ тармоғи бўйича таълим-ишлаб чиқариш кластери яратилгани ижобий тажриба сифатида баҳоланди. Қайд этилганидек, ушбу ташаббус сабаб Бухоро техника университетининг 2 минг нафардан ортиқ талабалари ўз соҳасида юқори даромадли ишга жойлашган. ⏩Бундан ташқари, қиймати 1 миллион доллардан, ишчилар сони эса 50 тадан кўп бўлган лойиҳаларни яратишда мутахассисларга эҳтиёж аввалдан аниқ кўрсатилиши белгиланди. Бу орқали масъул вазир ва тармоқ раҳбари олий ўқув юртига буюртма бериб, кадрларни мақсадли тайёрлашни йўлга қўяди. Шунингдек, ректорлар буюртма асосида ўқиётган талабалар учун, асосий фанлардан ташқари, қўшимча таълим модулларини жорий қилади. Талабаларнинг йиллик баҳоланишида инвесторлар иштирок этиши, диплом ишини эса келгусида ишга кириши мўлжалланган лойиҳага мос мавзуда ҳимоя қилиши жорий қилинаётгани айниқса, аҳамиятлидир. Шу орқали ҳам талабанинг келажакда юқори даромадли ишга жойлашиши кафолатланади, ҳам инвестор талабига мос кадр тайёрланишига эришилади. Йиғилишда билдирилган танқидий фикр-мулоҳазалар, таклифлар соҳани тубдан янгилаш, таълим тизими ва меҳнат бозори ўртасидаги узилишларни бартараф этишда муҳим аҳамиятга эга бўлади, деб ишонамиз. Эътиборлиси, ушбу ташаббуслар партиямиз Сайловолди дастурида илгари сурилган “Кафолатланган биринчи иш жойи” ғоясини амалда тўлақонли рўёбга чиқариш учун катта имкониятдир. 🔴 Биз, “Адолат” СДП вакиллари, барча даражадаги депутатларимиз, фаолларимиз билан ушбу ислоҳотларнинг самарали амалга оширилишида, ҳуқуқий асослари яратилишида фаол иштирок этамиз. Ижроси устидан қатъий парламент назоратини ўрнатиш, ҳар бир амалий ҳаракатдан самарали натижа олинишига муносиб ҳиссамизни қўшамиз. Зотан, диплом шунчаки қоғоз эмас, ёш мутахассиснинг келажакка, Ватан тақдирига ишончи, орзу-мақсадларини амалга ошириш йўлланмаси бўлиши керак. Adolat.uz | Facebook | Telegram | Instagram