Содержимое
Иқтисодий ривожланиш ва ижтимоий ҳимоя: Тўқимачилик соҳасига катта имкониятлар берилмоқда Президент раислигида ўтказилган тўқимачилик соҳасида экспорт имкониятлари ва захираларни ишга солиш мавзусидаги видеоселектор йиғилиши мамлакат иқтисодиётининг муҳим йўналишида кузатилаётган муаммолар ва уларнинг ечимига бағишлангани билан аҳамиятли бўлди. Табиий тола етиштиришдан экспортбоп маҳсулот тайёрлашгача бўлган жараён миллий саноатимизда ҳам етакчи ўрин тутади. Йиғилишда таъкидланганидек, сўнгги беш йилда тармоқда 3,5 миллиард долларлик 396 та йирик корхона ишга тушгани, ишлаб чиқариш 10 миллиард долларга етгани ҳам тўқимачилик саноатининг улкан салоҳиятидан дарак бермоқда. Аммо соҳада ҳал қилиниши зарур бўлган муаммолар мавжудлиги ишлаб чиқариш ва экспорт кўрсаткичлари секинлашишига сабаб бўлмоқда. Хусусан, Президентимиз тўқимачилик маҳсулотлари учун барқарор бозор топиш вазифаси долзарблиги, бунинг учун халқаро сертификатга эга корхоналар сонини ошириш шарт эканини қайд этди. “Тўқимачилик корхоналарининг тижорат кредитидан 2,2 миллиард доллар қарздорлиги бор. Кредитларнинг 90-95 фоизи хорижий валютада, атиги 16 фоиз корхона халқаро сертификатга эга. Бундай шароитда корхоналар ташқи бозорда қандай рақобат қилади, кредитини қандай қайтаради?”, дея масъулларга асосли эътироз билдирди давлатимиз раҳбари. Эътиборлиси, бугун ушбу соҳада 500 мингдан ортиқ юртдошларимиз доимий иш ўрнига эга. Бу саноат тармоқларида меҳнат қилаётган жами аҳолининг 20 фоизига тенг экани очиқланди. Сир эмаски, тўқимачилик ходимларининг салмоқли қисми хотин-қизлар ҳиссасига тўғри келади. Тизимдаги муаммоларга барҳам бериш орқали ривожланишнинг янги босқичига олиб чиқиш борасида билдирилган ташаббуслар бизга маъқул бўлди. Яна бир жиҳати, Президент топшириғига асосан тўқимачилик соҳасида фаолият юритаётган 200 дан ортиқ тадбиркорларнинг фикри ўрганилгани, шундан келиб, чиқиб муаммоларни бартараф этиш йўлида “долзарб юз кунлик” эълон қилингани бизга маъқул бўлди. Чунки ҳар қандай тармоқ аввало, муаммоларнинг туб моҳиятини аниқлаш, тизимли ҳал этиш, томонларга тенг, адолатли имкониятлар яратиш орқали ривож топади. Йиғилишда фермер, кластер ва тўқимачилик корхоналарига қатор имконият ва имтиёзлар берилиши ҳам маълум қилинди. Хусусан, имтиёзли кредит муддатларини узайтириш ҳамда 1 август ҳолатига ҳисобланган 377 миллиард сўмлик пенялардан воз кечиш каби молиявий имтиёзлар қўлланаётгани қийин вазиятга тушиб қолган корхоналарни соғломлаштиришга хизмат қилади. Бу пахта терувчи қишлоқ аёлларидан тортиб, корхоналарда банд бўлган хотин-қизларгача қўшимча имконият яратиш, деганидир. Ушбу ислоҳотларни тизимли рўёбга чиқишида бош-қош бўладиган Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги ташкил қилингани ҳам айни муддао бўлди. 🔴 Партиямиз учун энг эътиборли жиҳати – ислоҳотларнинг кучли ижтимоий йўналтирилганидадир. Тўқимачилик занжиридаги барча корхоналар учун ижтимоий солиқ ставкасининг 1 фоиз этиб белгиланиши ва, айниқса, ўз ходимларининг фарзандлари учун боғча ташкил этган корхоналарга давлат томонидан субсидия ажратилиши – бу “Адолат” СДПнинг дастурий ғоялари билан тўла ҳамоҳангдир. Бу ташаббус, бир томондан, юз минглаб хотин-қизларга муносиб меҳнат қилиш имконини кенгайтирса, иккинчи томондан, фарзандларимизнинг сифатли мактабгача таълимга қамровини оширишдек эзгу мақсадга хизмат қилади. Зеро, “Адолат” СДП дастурий ғояларида ҳам тадбиркорлик муҳитини қўллаб-қувватлаш орқали аҳоли, биринчи навбатда, хотин-қизларга муносиб иш ўринлари, меҳнат шароитлари яратиш мақсадлари илгари сурилган. Партиядошларимиз тўқимачилик соҳасидаги янги ташаббус ва вазифаларни қўллаб-қувватлайди ҳамда уларни амалга оширишда фаол иштирок этади. Adolat.uz | Facebook | Telegram | Instagram