Содержимое
🟦🟦🟦 МЕҲНАТ ВА ТАШАББУС ҚАДРЛАНАДИ Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, жамиятда хусусий мулк ва эркин бозор тамойилларини қарор топтириш, бизнес ва инвестиция муҳитини янада яхшилаш, халқимиз турмуш даражасини оширишда муҳим аҳамиятга эга. Бугунги ўзбек тадбиркори фидойилик ва ҳалол меҳнат рамзига айланаётгани қувонарлидир. Куни кеча қабул қилинган Президент фармони меҳнаткаш, ишбилармон юртдошларимиз давлат томонидан ҳам муносиб қадр топаётганининг ёрқин намунасидир. Фармонда ўзининг ташаббускорлик фазилатлари билан инвестиция лойиҳаларини муваффақиятли амалга ошириб келаётган, саховат ва ҳомийлик ишлари орқали меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшаётган бир гуруҳ тадбиркорлар давлатимизнинг юксак мукофотлари, орден ва медаллари билан тақдирланди. Тадбиркорлик ҳаракати – бу фақат моддий бойлик яратиш воситаси эмас. У – янги иш ўринлари, аҳолини даромад манбаи билан таъминлаш, ҳудудларнинг ижтимоий қиёфасини янгилаш, ёшларга умид, оилаларга фаровонлик бағишлайдиган улуғвор кучдир. Шу боис, мамлакатимизда тадбиркорлар “Миллий тараққиётнинг локомотиви” сифатида эътироф этилмоқда. Мукофотланган юртдошларимиз ўз соҳасида намунавий фаолият юритиб, халқ орасида катта обрў-эътибор қозонганини эътироф этиш лозим. Улар тизимли иш услуби, замонавий бошқарув тамойиллари, ижтимоий лойиҳалардаги иштироки билан улкан ютуқларга эришиб келишмоқда. Улар яратган иш ўринлари, бозорга тақдим этган маҳсулотлари ва хизматлари бугун минглаб оилаларнинг фаровон турмуш кечиришида асосий омил бўлмоқда. Юксак давлат мукофоти – бу, аввало, халқ ишончи рамзи, Ватан равнақи йўлида ҳалол меҳнат қилган шахсга берилган муносиб баҳодир. Бу мукофот уларнинг фидойилиги ва қатъиятли меҳнатини эътироф этиш билан бирга, барча тадбиркорларга намуна ва илҳом манбаи бўлиб хизмат қилади. Шунингдек, тақдирланганлар орасида ишбилармон хотин-қизларнинг ҳам борлиги бизга чексиз фахр-ифтихор бағишлайди. Юртимиз тараққиётига ҳисса қўшаётган хорижий давлат фуқароларининг мукофотланиши эса ҳамкорлик муносабатларимиз мустаҳкамланаётганидан, иқтисодий интеграциянинг янги босқичга кўтарилаётганидан далолатдир. Партиямиз дастурий мақсадларида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш, инвестиция муҳитини яхшилаш, бизнес юритишда ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш каби вазифалар алоҳида ўрин эгаллайди. Президент фармони билан тақдирланган тадбиркорлар фаолияти айнан шу ғояларнинг амалий натижасидир. Биз ишонамизки, ҳар бир тадбиркорнинг ютуғи ортида эркинлик, қонунийлик ва адолатга асосланган давлат сиёсати туради. Биз учун адолатли жамият қуриш, меҳнатни қадрлаш, юртдошларимиз салоҳиятини тўлиқ намоён этиши учун шарт-шароит яратиш устувор мақсад бўлиб қолади. Мукофотланган тадбиркорларимизни юксак эътироф билан муборакбод этамиз! Adolat.uz | Facebook | Telegram | Instagram