Содержимое
🟦🟦🟦🟦 Одил судлов – адолатли жамиятнинг мустаҳкам пойдевори Давлатимиз раҳбари одил судлов тизимини такомиллаштириш масалаларига оид тақдимот билан танишди. Қайд этиш жоизки, ушбу соҳа фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари кафолатланган адолатли, демократик жамият қуришда ғоят муҳим аҳамиятга эга. Мустақиллик йилларида, айниқса, Янги Ўзбекистонни барпо этишга киришилган сўнгги 8 йилда суд тизими мутлақо янги қиёфага кирди. Одиллик тамойилини мустаҳкамлаш, судьялар мустақиллигини таъминлаш мақсадида улкан ислоҳотлар амалга оширилди. Тарихда илк бор алоҳида – маъмурий судлар ташкил қилингани, оилавий ҳамда инвестициявий низоларга ихтисослашган корпус яратилгани бу борада янги давр бошланганидан далолат беради. Натижада, маиший зўравонлик, тадбиркор ва сармоядорларга сунъий тўсиқ қўйиш, бюрократизм каби иллатлар жамият ҳаётидан чекина бошлади. Ушбу ислоҳотлар юртдошларимиз ва халқаро ҳамжамият томонидан юксак сиёсий ирода сифатида эътироф этилаётгани қайд этиш жоиз. Эндиликда соҳа учун юксак салоҳиятли кадрлар етиштириш, тизимни тўлиқ рақамлаштириш, суд тизимини илғор хорижий тажрибалар асосида такомиллаштириш каби долзарб вазифалар истиқболда турибди. “Адолат” СДП ўз Сайловолди дастурида ҳуқуқий давлат барпо этиш, бунинг учун замонавий стандартлар асосида мустақил судлов тизимини такомиллаштириш ғояларини илгари суради. Давлат раҳбари танишган тақдимотда ҳам ушбу жиҳатлар ўз аксини топгани бизни қувонтирди. Хусусан, “Рақамли суд” концепциясини амалиётга янада кенгроқ жорий этиш таклиф қилинмоқда. Шу орқали маъмурий ва иқтисодий ишларни экстерриториал тарзда кўриб чиқиш имкони яратилади. Бу фуқароларимизга, тадбиркор ва ишбилармонларга ортиқча оворагарчиликсиз суд амалиётларида иштирок этиш, тизимни эса коррупция иллатларидан тозалаш имконини беради. Судьяликка тайинлаш муддатларини қайта кўриб чиқиш ҳам кўзда тутилмоқда. Дарҳақиқат, ушбу масалада ҳам халқаро тажрибани қўллаш фурсати етди. Зеро, юртдошларимиз учун адолат ва ишончни таъминлашда судьяларнинг лавозим барқарорлиги муҳим аҳамият касб этади. Сўнгги йилларда суд тизими анча либераллашгани, аҳоли учун қулай тизимга айланиб бораётгани рад этиб бўлмас ҳақиқат. Эндиликда таклиф қилинаётган минтақавий тафтиш судларининг ташкил қилиниши холислик принципига амал қилишни янги босқичга кўтаради, деб ишонамиз. Биз учун жамиятда адолат мезонларининг мустаҳкам қарор топиши муҳим. Бунга одил судловсиз эришиб бўлмайди. “Адолат” социал-демократик партияси тизимда бошланаётган ислоҳотларнинг янги тўлқинини тўлиқ қўллаб-қувватлайди ҳамда буни партия мақсадларига ҳамоҳанг деб ҳисоблайди. Adolat.uz | Facebook | Telegram | Instagram