Содержимое
🟦🟦🟦 ЮКСАК ЭЪТИБОР ВА ЭЪТИРОФ МУБОРАК, АЗИЗ ПАРТИЯДОШЛАР! Эътироф этилган меҳнат, рағбат топган фидойилик келгуси амалий ишлар ва янги ютуқларга етакловчи йўлчи юлдуз кабидир. Энг улуғ, энг азиз байрамимиз – Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллиги арафасида бир гуруҳ юртдошларимиз давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирлангани барчамизга ғурур ва ифтихор бағишлади. Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллиги муносабати билан фан, таълим, соғлиқни сақлаш, спорт, адабиёт, маданият ва санъат соҳалари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига биноан кўп йиллик самарали меҳнати, Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги ислоҳотларга қўшган муносиб ҳиссаси ва ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки учун кўплаб ватандошларимиз давлатимизнинг фахрий унвонлари, орден ва медаллари билан тақдирланди. Мукофотланганлар сафида Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг фидойи ва фаол аъзолари ҳам борлиги бизни беҳад мамнун этди. Жумладан, миллий адабиётимиз ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли шоир ва таржимон Болтабой Бекметов ҳамда маданият ва санъат соҳасининг жонкуяр вакили, Самарқанд вилояти мусиқали драма театри директори Тугалов Ботир Бахромовичнинг «Шуҳрат» медали билан мукофотлангани барча партиядошларимизни қувонтирди. Шунингдек, ўзининг ёрқин истеъдоди билан халқимиз меҳрини қозониб келаётган, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри опера солисти Пиязов Акилбек Буркит ўғлининг «Келажак бунёдкори» медали билан тақдирлангани партиямиз ёшлари учун чинакам ибрат намунасидир. “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ва барча аъзоларимиз номидан Сиз, азиз сафдошларни юксак давлат мукофотлари билан чин қалбдан табриклаймиз! Adolat.uz | Facebook | Telegram | Instagram