Содержимое
Фармон ижроси: Одил судлов академиясида илк имтиҳон ўтказилди Жорий йилнинг 21 август куни имзоланган Президент фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Судьялар олий мактаби негизида Одил судлов академияси ташкил этилганди. Мазкур фармон суд ислоҳотларини изчил давом эттириш, соҳа учун кадрлар тайёрлаш тизимини халқаро стандартлар даражасига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Белгиланган вазифа ва топшириқлар ижросига шу куннинг ўзида киришилгани эътиборга молик. Бугун янгидан ташкил этилган академияда биринчи бор судьяликка номзодлар суҳбат босқичидан ўтди. Танлов жараёни юқори савияда ташкил этилган бўлиб, номзодларнинг ҳуқуқий билими, касбий салоҳияти ва маънавий-ахлоқий дунёқарашини синовдан ўтказишга қаратилган. Тадбирда давлат органлари ва жамоатчилик вакиллари, ҳуқуқшунос олимлар, тажрибали устоз-судьялар қаторида “Адолат” СДП Сиёсий кенгаши раиси Робахон Махмудова ҳам иштирок этди. Суҳбат аввалида сўзга чиққанлар адолат ва холислик тамойилларига таянадиган, одил судлов тизимини яратишда мустақиллик йилларидаги ислоҳотлар пойдевор бўлиб хизмат қилаётгани таъкидланди. Жумладан, “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги, шунингдек “Одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармонлари миллий суд корпусини янги тараққиёт босқичига олиб чиқиши, соҳани фидойи ва ҳалол кадрлар билан таъминлашга хизмат қилиши қайд этилди. Суҳбат жараёни йўналишларга бўлинган ҳолда давом этди. Робахон Махмудова иштирок этган жиноят ҳуқуқи шўъбасида республикамизнинг турли вилоятларидан келган судьяликка номзодлар ўз ихтисослиги бўйича билимларини синовдан ўтказишди. Бир сўз билан айтганда, Президент фармонининг илк амалий ижроси ҳаётга татбиқ этила бошланди. Судья кадрлар тайёрлашнинг янги тизими – Одил судлов академияси орқали адолатли, мустақил ва замонавий билимларга эга судьялар корпусини шакллантиришга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда. ⚖️Расмий саҳифаларимиз