Содержимое
🟦🟦🟦🟦 ЯХШИ ИНСОН БЎЛИШГА ИМКОН БЕРИШ АДОЛАТДАНДИР Инсон ҳаёти давомида турли синовларга дуч келади. Бу йўлда, афсуски, адашиши, хато қилиши ҳам мумкин. Адолатли жамиятда жазо муқаррарлиги, албатта, таъминланади. Аммо йўл қўйган хатосидан ўз вақтида хулоса чиқарган, ҳаётини янгидан бошлаш орзусидаги инсонга иккинчи имконият берилиши ҳам адолатдандир. Мамлакатимизда олиб борилаётган инсонпарвар сиёсатда бу жиҳатлар инобатга олинган. Мустақиллигимизнинг 34 йиллик байрами арафасида давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Президент фармони шу жиҳатдан инсонпарварлик тамойилларига содиқлигимизнинг амалий ифодаси бўлди. Фармонга кўра, муқаддам жиноят содир этиб, жазога тортилган 523 нафар шахс афв этилди. Бу нафақат жазони ўтаётган инсонлар ҳаётида янги саҳифа очади, балки уларнинг оиласи, фарзандлари ва бутун жамият учун ҳам маънавий аҳамиятга эга. Бинобарин, афв инсоннинг ислоҳ топишига ишонч билдириш, уни соғлом турмуш тарзига ва ижтимоий ҳаётга қайтаришнинг самарали воситасидир. Қолаверса, кечиримлилик халқимизга хос қадрият. Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 109-моддаси, 23-банди халқаро доираларда ҳам инсонпарварлик принципнинг тараннуми сифатида олқишланиши бежиз эмас. 🔴 “Адолат” социал-демократик партияси ўз Сайловолди дастурида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, жамиятда адолат мезонларини мустаҳкамлашга алоҳида урғу берган. Президентимизнинг мазкур фармони айнан шу тамойиллар билан ҳамоҳанг бўлиб, фуқароларни қонун устуворлиги асосида жамиятга қайта интеграция қилишга хизмат қилади. Афв этилган шахсларнинг асосий қисмини аёллар, ёшлар, кексалар ташкил этаётгани эътиборга молик. Хусусан, 45 нафар хотин-қизлар, 31 нафар 60 ёшдан ошган эркаклар, 220 нафар ёшларга ҳаётни янгидан бошлаш, бахтли умр кечириш учун имкон берилмоқда. Бу уларга янги имконият эшикларини очиш йўлидаги амалий қадамдир. Партиямиз фикрича, афв этилган инсонларни жамиятга қайтаришда уларнинг ишга жойлашиши, соғлом турмуш тарзига киришиши ва оила муҳитида муносиб ўрин топиши муҳим аҳамиятга эга. “Адолат” СДП давлатимиз раҳбарининг ушбу инсонпарвар қарорини тўла қўллаб-қувватлайди ва уни жамиятда ислоҳотлар натижаси, инсонпарварлик ғояларини янада мустаҳкамлайдиган сиёсий ирода сифатида баҳолайди. Ишонамизки, афв этилган шахслар ҳам бундан кейин соғлом ҳаёт сари интилиб, юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшадилар. Adolat.uz | Facebook | Telegram | Instagram