Содержимое
🟦🟦🟦 Азиз ватандошлар! Қадрли дўстлар! Айни кунларда аждодларимиз орзиқиб кутган, халқимизга ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини берган улуғ айём – мустақиллигимизнинг 34 йиллигини катта тантаналар билан нишонлаяпмиз. Айнан улуғ Истиқлол боис юртимиз дунёга қайта юз очди. Уч минг йиллик давлатчилигимиз тарихида янги саҳифа очилди. “Ватан учун, миллат учун, халқ учун” эзгу ғояси асосида нишонланаётган шукуҳли айём муносабати билан “Адолат” СДПнинг бир миллион нафардан ортиқ аъзолари номидан барчангизни самимий муборакбод этамиз. Эришаётган ютуқларимиз замирида мустақиллик берган имкониятлар мужассам десак, асло янглишмаймиз. Айниқса, сўнгги саккиз йилда тарихий ислоҳотлар жадаллашганини алоҳида қайд этиш жоиз. Барча жабҳаларда рўй бераётган улкан ўзгаришлар халқимизнинг эртанги кунга ишончи ва фаровон ҳаётга интилишини мустаҳкамлаяпти. Бугун биз фахр билан айта оламизки, Ўзбекистон янги тарихий босқичга қадам қўйди. Янги таҳрирдаги Конституциямизда белгиланган “Ўзбекистон – ижтимоий давлат” тамойилини ҳаётимизда тобора аниқроқ ҳис қиляпмиз. Ислоҳотлар самараси олис ҳудудлар, чекка қишлоқларгача етиб бораётгани, албатта, қувонарлидир. Ижтимоий ҳимоя, таълим, соғлиқни сақлаш, гендер тенглик, ёшлар сиёсати, тадбиркорликни ривожлантириш йўналишида эришилаётган натижаларимиз эса янги тараққиёт босқичига дадил қадам қўяётганимиздан дарак беради. Биргина мисол, сўнгги йилларда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишнинг мутлақо янгича тизими яратилди. “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” каби механизмлар орқали ҳар йили 540 минг оилага турли кўринишдаги ижтимоий ёрдамлар кўрсатилмоқда. Натижада, 2017-2024 йилларда 3,5 миллион нафардан ортиқ фуқарога моддий ва ҳуқуқий кўмак берилди, 2,2 миллионта янги иш ўрни яратилиб, камбағаллик сезиларли даражада пасайишига эришилди. 2025 йилда давлат бюджети харажатларининг 52 фоизи, яъни 177,7 триллион сўм маблағ таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя йўналишларига ажратилгани ҳам юртимизда инсон қадри тобора улуғланиб бораётганининг ёрқин ифодасидир. Халқнинг ишончи, саъй-ҳаракатлари ва давлат раҳбарининг сиёсий иродаси билан барпо этилаётган бу пойдевор бизни келгуси муваффақиятлар учун илҳомлантиради. Энди энг асосий вазифа – эришилган ютуқларни асраб-авайлаш, уларни янада бойитиш ва ислоҳотларимизни янги чўққиларга олиб чиқишдир. Комил ишонч билан айта оламизки, меҳнаткаш халқимиз келгусида бундан ҳам улкан марраларга эришади. Мамлакатимиз тараққиёт йўлида янги чўққиларни забт этади. Фурсатдан фойдаланиб, барчаларингизга мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт, тинчлик-хотиржамлик тилаймиз. Ватанимиз мустақиллиги абадий бўлсин! Adolat.uz | Facebook | Telegram | Instagram