Содержимое
#Хоразм_вилояти #Ўрганиш “Дўстлик” — барқарор тараққиёт ва аҳилликка йўл очаётган маҳалла Жамиятда инсон қадри ва манфаатларини таъминлашнинг энг муҳим бўғини, халқ билан давлат ўртасидаги ишонч кўпригини маҳалла ташкил этади. У ерда одамларнинг кундалик турмуш тарзи, ижтимоий-иқтисодий аҳволи ва маънавий муҳити яққол намоён бўлади. Шундан келиб чиқиб, ишчи гуруҳимиз Хонқа туманидаги “Дўстлик” маҳалласида бўлиб, “еттилик” фаолияти билан яқиндан танишди. Суҳбат чоғида маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий ҳаёти, аҳоли бандлиги, тадбиркорлик ташаббуслари ва келгуси режаларни кенг муҳокама қилдик. Маълумот ўрнида айтиш жоизки, 1997 йилда ташкил этилган “Дўстлик” маҳалласи ҳозирги кунда 17,2 гектар ҳудудни қамраб олган. У “яшил” тоифага киритилган бўлиб, ҳозирда 7 минг 701 нафар аҳоли истиқомат қилади. Шундан 4 минг 80 нафари эркаклар, 3 минг 621 нафари аёллар, 2 минг 377 нафари ёшлар ҳисобланади. Шунингдек, хорижда меҳнат қилаётган 155 нафар фуқаро ҳам мавжуд. Маҳаллада 1 минг 729 та хонадон ва 2 минг 52 та оила рўйхатдан ўтган. Аҳоли турмуш даражасини яхшилашда маҳалланинг иқтисодий салоҳияти муҳим аҳамиятга эга. Хусусан, 61 та оила мебелчилик билан шуғулланиб келмоқда. Шу билан бирга, 64 та савдо дўкони, 61 та мебель ишлаб чиқариш корхонаси, 10 та новвойхона ва 28 та хизмат кўрсатиш шохобчаси фаолият юритмоқда. 2024 йилда аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш мақсадида 40 та лойиҳага 1,8 миллиард сўм имтиёзли кредитлар ажратилди. Маҳаллада ижтимоий ҳимоя ва соғлиқни сақлаш йўналишида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Ҳозирда 565 нафар пенсионер ва 232 нафар ногиронлиги бўлган шахслар рўйхатга олинган. Афсуски, улар орасида ёшлар ҳам бор. Тарғибот етарли бўлса-да, қариндошлар ўртасидаги никоҳлар қайд этилган. “Аёллар дафтари”га 193 нафар аёл, “Ёшлар дафтари”га 12 нафар ёш, “Темир дафтар”га эса 5 та оила киритилган. Ижтимоий ходим томонидан ўтказилган хатловда 231 та камбағал оила аниқланган, уларнинг 148 таси йил давомида реестрдан чиқарилиши белгиланган. Шу билан бирга, инфратузилма масалалари ҳам етарлича ҳал этилган. Барча хонадонлар электр энергияси, ичимлик суви ва табиий газ билан таъминланган. 85 та хонадонда қуёш панеллари ўрнатилиб, умумий қуввати 452 кВтни ташкил этмоқда. Бу эса яшил энергетика имкониятларидан самарали фойдаланиш йўналишида муҳим қадам бўлди. Маҳаллада таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари кенг қамровли хизмат кўрсатмоқда. Яқинда “Ислом тараққиёти банки” гранти бўйича йўллар асфатланяпти. Жумладан, 1 та давлат боғчаси (200 ўрин), 2 та нодавлат боғча (100 ўрин), 1 та марказий поликлиника ва 2 та умумтаълим мактаби (1472 ўрин) фаолият юритмоқда. Шунингдек, “Хавфсиз маҳалла” тамойили асосида ҳудудга 114 та видеокузатув мосламаси ўрнатилиб, ички ишлар органлари ахборот тизимлари билан интеграция қилинган. Партиямиз асосий электорати бўлган таълим соҳаси вакилларини доим қўллаб-қувватлаб келмоқда. “Дўстлик” маҳалласида мактаб ва боғчаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ўқитувчилар ҳамда тарбиячиларнинг меҳнат шароитларини яхшилаш бўйича таклифлар ўрганилди. Бу масалада амалий ечимлар ишлаб чиқиш муҳим, чунки тарбия ва таълим жараёнида адолат тамойилининг устуворлиги ёш авлод келажагини белгилайди. Маҳаллада ишсизлик муаммоси ҳам мавжуд. Жами 155 нафар ишсиз рўйхатга олинган, уларнинг 78 нафари аёллар, 27 нафари ёшлар ва 50 нафари бошқа тоифага мансуб. Шу билан бирга, 50 нафар ишсиз ва 6 нафар меҳнат миграциясидан қайтган фуқароларнинг бандлиги таъминланди. Бу орқали аҳоли фаровонлигини ошириш йўналишида амалий қадамлар қўйилди. Жорий йилдаги режалар доирасида қатор устувор вазифалар белгиланган. Хусусан, 61 та янги тадбиркорлик субъекти ташкил этиш, 155 нафар фуқарони ишга жойлаштириш, 60 нафар фуқарони мономарказда ўқитиш ишлари олиб борилмоқда. Учрашув якунида маҳаллада амалга оширилаётган ишларга ижобий баҳо бердик. Шунингдек, “еттилик” фаолияти самарадорлигини янада ошириш, ишсиз ёшлар орасида бандлик ва тадбиркорлик ташаббусларини кенг тарғиб қилиш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш чораларини кучайтириш бўйича фикрларимизни билдирдик. Adolat.uz | Facebook | Telegram | Instagram