Содержимое
“Оила маскани”: хотин-қизлар бандлиги ва оила мустаҳкамлигига қаратилган муҳим ташаббус Хоразм — самимий, меҳмондўст, хушмуомала ва соддадил инсонлари билан ажралиб турадиган юрт. Бу ерга ҳар гал сафар қилганимда, юртдошларимизнинг кайфияти, эртанги кунга ишончи, айниқса, опа-сингилларимиз билан мулоқот қилиш завқи менда доим унутилмас таассурот қолдиради. Урганч туманида коррупцияга қарши курашишга бағишланган таҳлилий муҳокамадан сўнг, кейинги манзилга йўл олишимиз арафасида туман ҳокими ўринбосари Саида Отабоева: “Опажон, туманимиз тажрибаси — “Оила маскани” фаолияти билан ҳам танишиб кетмасангиз, бўлмайди”, — дея бизни ушбу муассасага таклиф қилди. Шу тариқа “Орзу” маҳалласида жойлашган “Оила маскани” ижтимоий муассасаси фаолияти билан яқиндан танишдик. Эътиборлиси, ҳали фаолиятига бир йил ҳам тўлмаганига қарамай, бу маскан маҳалла аёллари учун катта имконият эшигини очиб, улар ҳаётида ижобий ўзгаришлар яратди. Халқаро ҳамкорликнинг амалий ифодаси сифатида “Ислом тараққиёти банки” гранти асосида барпо этилган марказда маҳаллий хотин-қизлар турли ҳунарларни эгаллаш орқали оила иқтисодиётига муносиб ҳисса қўшишга киришган. Сартарошлик, пазандачилик, қандолатчилик курсларида касб эгаллаб, товар ва хизматларни сотишни йўлга қўйиш имконига эга бўлишди. Шунингдек, марказ ҳудудида ташкил этилган замонавий спорт майдончаси ёшлар ва хотин-қизлар учун соғлом турмуш тарзини таъминлашга хизмат қилмоқда. Мулоқот жараёнида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, хотин-қизлар ва гендер сиёсатидаги устувор йўналишлар, оила масъулияти ва фарзандлар тарбияси масалалари юзасидан фикр алмашдик. “Оила маскани” каби ташаббуслар фақат ҳунар ўргатиш ёки бандликни таъминлаш билан чекланиб қолмай, маҳаллада барқарорлик, маънавий муҳит ва оилалар мустаҳкамлигига хизмат қилади. Айнан шундай ижтимоий лойиҳалар орқали юртдошларимизнинг ҳаёт сифатини яхшилаш, хотин-қизларнинг иқтисодий ва ижтимоий жараёнларда фаол иштирокини таъминлаш мумкин. Шу сабабли партиямиз ва депутатларимиз корпуси бу каби ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг самарали фаолият юритиши учун барча туман ва шаҳарларда зарур шарт-шароитларни яратишга кўмаклашишни ўзининг устувор вазифаси, деб ҳисоблайди. Adolat.uz | Facebook | Telegram | Instagram