TGTGInsightаналитика telegramLIVE / telegram public index
← Robaxon Maxmudova
Robaxon Maxmudova avatar

TGINSIGHT POST

Post #2597

@Maxmudova_Robaxon

Robaxon Maxmudova

Просмотры3,180Количество просмотров
Опубликован28 сент.28.09.2025, 07:04
Содержимое поста

Содержимое

#Хоразм_вилояти #Ўрганиш Урганчдаги замонавий тиббий маскан: аҳолига яқин, шаффоф ва самарали хизмат Бугун юртимизда фуқаролар бирламчи сифатли тиббий хизматдан фойдаланиш учун, албатта, марказга ёки хусусий клиникаларга боришга деярли эҳтиёж сезмаяпти. Бу ҳолат соҳага қаратилган ислоҳотлар самараси сифатида намоён бўлиб, давлат тиббиёт муассасаларида яратилган замонавий шароит ва имкониятлар аҳоли учун ўз маҳалласидаёқ сифатли хизмат олиш имконини беряпти. Урганч шаҳридаги 2-сонли оилавий поликлиникадаги ўрганишимиз ҳам шундан далолат берди. Бош шифокор Бахтигул Худойберганова шаҳардаги 13 минг 560 нафар аҳолига хизмат кўрсатувчи масканда 168 нафар ходим меҳнат қилаётгани ҳақида маълумот берди. Муассасада “Электрон поликлиника” тизими жорий этилган, аҳоли қабулга онлайн ёзила олади, таҳлил натижаларини электрон шаклда олади. Шу билан бирга, “Электрон рецепт” орқали дори-дармон таъминоти шаффоф йўлга қўйилган. “ДМЕД” ахборот тизимининг “Мухлисахон” сунъий интеллект ёрдамчиси ишга туширилиши эса тиббий маълумотларни марказлашган ҳолда сақлаш ва тезкор алмашиш имконини берди. Шу орқали фаолият тўлиқ рақамлаштирилди. Яна бир аҳамиятли жиҳат — шифохона ва фуқаро ўртасида соғлом турмушга риоя қилиш, тиббий хизматдан самарали фойдаланиш, саломатлигини асрашга доир тиббий маданиятни шакллантириш бўйича шартномалар тузиляпти. Эндиликда бу орқали жавобгарлик фақат шифокор зиммасида эмас, беморда ҳам бўлади. Ўз саломатлигига бефарқ бўлмаслик бўйича онгли ёндашув юксалади. “Долзарб 90 кунлик” бўйича муассасада соғлом инсонлар бемалол фойдаланадиган бирламчи сервис хизмат эндиликда ногиронлиги бор, имконияти чекланган юртдошларимиз учун ҳам тўлиқ мослаштирилган. Соат 08:00-20:00 гача масканда малакали ёрдам ҳамиша бор. Мазкур ўзгаришлар аҳолида хусусий клиникаларга мурожаат қилиш заруриятини сезиларли равишда камайтирмоқда. “Ташаббусли бюджет” лойиҳасида ғолиб чиққан муассаса капитал таъмирланди, замонавий тиббий ускуналар билан таъминланди. Айниқса, 1980 йилда яратилган эски рентген аппарати янги рақамлисига алмаштирилгани, аниқлиги бўйича вилоятда иккинчи ўринда туриши, бемор таҳлилларини 5 дақиқа ичида тақдим этаётганидан хурсанд бўлдик. Шу билан бирга, стационар ва кўчма УЗИ хизматлари йўлга қўйилган. Поликлиника тизимида 40 нафар патронаж ҳамшира, 10 нафар доя, 20 нафар амалиётчи ва 20 нафар тиббий бригада аҳоли саломатлиги учун меҳнат қилмоқда. Инновацион экологик ёндашув сифатида 50 киловаттли қуёш панеллари ўрнатилиб, электр таъминотининг бир қисми қопланмоқда. Шунингдек, 15 турдаги физиотерапия ускуналари орқали профилактика ва реабилитация жараёнлари самарали ташкил этилмоқда. Профилактика бўйича мутахассислар паст, ўрта ва юқори хавф туридаги касалликлар динамикасини ўрганади, таҳлил қилади. Поликлиника 10 та маҳаллага хизмат кўрсатади. Кафолатланган дори-дармондан 56 тури захирада мавжуд бўлиб, зарур ҳолларда беморларга бепул бериляпти. Эътиборлиси, “Адолат” СДП Урганч шаҳар Кенгаши ва шаҳар прокуратураси ҳамкорлигида бу ерда коррупцияга қарши тизимли тадбирлар амалга оширилмоқда. Ушбу жараён аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш, тиббиёт соҳасида шаффоф муҳит яратиш ва энг муҳими, адолат тамойилларини қарор топтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Партиямиз учун инсон саломатлиги ва бирламчи тиббий хизмат самарадорлиги — ижтимоий адолатнинг энг асосий кўрсаткичларидан бири ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, “Адолат” СДП бундай тиббий муассасалар фаолиятини такомиллаштириш учун қонунчиликда ҳуқуқий кафолатларни мустаҳкамлаш, молиявий механизмларни кенгайтириш ва рақамли хизматлар қамровини янада оширишни бундан кейин ҳам изчил давом эттиришини қайд этдик. Adolat.uz | Facebook | Telegram | Instagram