Содержимое
#Хоразм_вилояти #Ўрганиш Ишбилармон аёл — оила файзи ва тотувлигининг мустаҳкам пойдевори Аёлларнинг ижтимоий-иқтисодий жараёнлардаги фаол иштироки мамлакат юксалишида муҳим аҳамият касб этади. Агар аёл тутуми саришта бўлса, хонадонда файз ва барака, маҳаллада ҳамжиҳатлик ва тотувлик қарор топади. Шу боис, хотин-қизлар салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади. Сафар доирасида Урганч шаҳрида партиямиз фаоли, тажрибали гулчи ва депутат Муқаддас Атаева хонадонида бўлиб, кўрганларимиз халқчил сиёсатнинг амалий ифодаси сифатида янгича хулосаларга йўл очди. Унинг ҳаётий тажрибаси ва фаолияти орқали яна бир бор англадикки, ташаббускор аёллар юртимизда ижтимоий адолатни таъминлаш, оила фаровонлиги ва маҳалла ривожига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Муқаддас Атаева 2017 йилда гулчиликка қадам қўйиб, дастлаб 50 минг дона уруғ ва уч нафар ишчи билан фаолият бошлаган. Бугун эса у 250 мингдан зиёд уруғни парваришлаб, гултожихўроз, қанд, гужум, герон, хризантема каби ўндан зиёд турдаги гул ва манзарали бута етиштирмоқда. Бу жараёнда 10–15 нафар маҳаллий аҳоли мавсумий иш билан таъминланиб, уларнинг оилавий даромадлари кенгаймоқда. Етиштирилган гуллар Хоразм вилоятининг барча туманларида сотувга чиқарилаётгани эса унинг меҳнат самарасига бўлган талаб ва ишончдан дарак беради. — Гулчилик — меҳр, меҳнат ва сабр талаб қилади. Агар инсон ишини чин кўнгилдан қилса, натижаси ҳам шунга яраша бўлади. Бугун юзлаб хонадонлар гулчилик орқали нафақат завқ, балки иқтисодий манфаат ҳам топмоқда, — дейди у. — Фаолиятим хоббимга айланган. Бир маротаба поездда кетаётганимда, Тошкент ҳовлиларининг бирида гултожихўрозни кўриб, сафар давомида ўша уйни қидириб~қидириб топиб, уруғидан олиб келдим. Хонадон бекаси 2024 йилдан Урганч шаҳар Ободонлаштириш бошқармасига қарашли 1 гектарли иссиқхонада 15 турдан ортиқ 3 миллионга яқин гул кўчатлари етиштирилишида фидокорона меҳнат қилмоқда. Бу борада вилоят ҳокимлиги катта ёрдам берган. Бу нафақат шаҳар кўркига кўрк қўшиш, балки аёл меҳнатининг шаҳар ривожидаги ўрнини янада оширишга хизмат қилмоқда. Йиллик даромад салмоғи юқори, 300-350 миллион атрофида. Шу билан бирга, депутат сифатида ҳам фаолият олиб бормоқда. 2024 йилда “Адолат” СДПдан сайлангандан буён 30 га яқин депутатлик сўровини йўллаб, аҳоли турмушига дахлдор кўплаб масалаларни кўтарди. Болалар майдончаларини янгилаш, йўл ва йўлакчаларни таъмирлаш каби таклифларнинг кўпчилиги амалда ижобий ҳал этилгани масъулияти ва самарадорлигини яққол намоён қилди. Мулоқотимиз давомида хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллиги нафақат шахсий даромад ва оила фаровонлигини таъминлаши, балки кенг жамоатчилик ҳаётидаги ижтимоий барқарорликка ҳам хизмат қилишини таъкидладик. Ишбилармон аёллар орқали оилаларнинг моддий аҳволи мустаҳкамланса, маҳаллаларда ҳамжиҳатлик, ёшларда эса меҳнатга ҳурмат ҳисси юксалиши борасида ҳам фикрларимизни билдирдик. Adolat.uz | Facebook | Telegram | Instagram