TGTGInsightаналитика telegramLIVE / telegram public index
← Robaxon Maxmudova
Robaxon Maxmudova avatar

TGINSIGHT POST

Post #2618

@Maxmudova_Robaxon

Robaxon Maxmudova

Просмотры1,100Количество просмотров
Опубликован28 сент.28.09.2025, 12:58
Содержимое поста

Содержимое

#Хоразм_вилояти #Ўрганиш Қатағон қурбонлари музейи: тарихий адолат тантана қилган даргоҳ Миллат тарихи шон-шуҳратли саҳифалар билан бирга, оғир синов ва мусибатларга ҳам тўла. Асрлар давомида юртимиз озодлиги, халқ фаровонлиги йўлида курашган маърифатпарварлар, зиёлилар ва қаҳрамон сиймолар ҳукмрон тузумлар зулмига дуч келган. XIX аср охиридаги Чор Россияси мустамлакачилик сиёсати ҳам, кейинги Шўро давридаги тоталитар тартиблар ҳам бу адолатсизликни ўта шафқатсиз тарзда намоён этди. Мустақиллик туфайли тарихий адолат тикланди. Қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштириш, уларнинг номини халқ қалбида қайта тирилтириш йўлида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Хориждаги каби, юртимиз ҳудудларида ҳам хотира майдонлари, махсус музейлар ташкил этилди. Хоразм вилоятидаги Қатағон қурбонлари музейи ана шундай маънавий масканлардан бири бўлиб, ўтмиш ва истиқлолни боғловчи маърифат кўпригидир. 2017 йил 22 ноябрдаги Вазирлар Маҳкамасининг 936-сон қарорига мувофиқ, Урганч давлат университети қошида ташкил этилган музей 2018 йил 31 август куни — Мустақиллик байрами арафасида ўз фаолиятини бошлади. Бугунги кунда у Маданият вазирлиги ҳузуридаги Хоразм вилояти маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш Давлат инспекцияси тасарруфида фаолият юритмоқда. Музей саккиз асосий бўлимдан иборат бўлиб, улар орқали Хоразм мисолида бутун Ўзбекистон тарихидаги энг оғир ва фожиали даврлар изчил равишда очиб берилади. Биринчи бўлимда Чор Россиясининг Хива хонлигини босиб олиши, халқнинг озодлик учун қўзғолонлари ва миллий озодлик ҳаракатлари ҳужжатлар асосида ёритилса, иккинчисида — жадидчилик ва миллий уйғониш ҳаракати, маърифатпарварлар фаолияти акс эттирилади. Учинчи бўлим эса большевиклар ҳукмронлигининг ўрнатилиши ва унинг оғир оқибатларига бағишланган. Кейинги бўлимларда Шўро давлати қатағон сиёсатининг турли босқичлари — ГПУ органлари томонидан зиёлилар ва диндорларнинг таъқиб қилиниши, миллий маданиятга қарши кураш, 1937–1938 йиллардаги оммавий қатлиомлар, 1940–1950 йиллардаги сиёсий қатағонлар, ҳатто 1980-йиллардаги “Пахта иши” каби воқеаларга ойдинлик киритилади. Якуний бўлим эса мустақиллик йилларига бағишланиб, қатағон қурбонларини оқлаш, уларнинг хотирасини абадийлаштириш, миллий қадриятларни асраб-авайлаш ва келажак авлодни тарихий сабоқлар руҳида тарбиялаш йўлида амалга оширилган ишларга бағишланган. Миллий хотиранинг муқаддас қўрғони саналмиш ушбу музей юртимиз тарихини чуқур англашга ва ундан сабоқ олишга чорлайди. Миллий хотиранинг муқаддас қўрғонида шу жиҳатларни янада чуқур ҳис этдик. Шу билан бирга, халқимизни ўз тарихини теран англашга ва ундан ибрат олишга чорлайдиган ушбу маскан фаолиятини кенгроқ тарғиб қилиш юзасидан ўз таклифларимизни ҳам илгари сурдик. Adolat.uz | Facebook | Telegram | Instagram