Содержимое
#Хоразм_вилояти #Ўрганиш Урганчдаги ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасасида ижтимоий адолат ва инсонпарварлик ифодасини кўрдик Халқимиз, давлатимиз учун боланинг бегонаси йўқ. У хоҳ соғлом бўлсин, тақдир синовлари туфайли жисмоний ёки руҳий имконияти чекланган — ҳар бири юртимиз, миллатимиз ардоғидаги дилбанддир. Давлатимиз сиёсатида ҳам айнан шу тамойил устувор: барча фарзандларимизни қўллаб-қувватлаш, уларнинг саломатлигини асраш ва сифатли таълимини таъминлаш, имкониятларини рўёбга чиқариш. Бу йўналишдаги ижобий ўзгаришлар, ўз навбатида, инсонпарвар сиёсатимиз ва халқпарвар давлатчиликнинг ёрқин ифодаси бўлиб хизмат қилади. Айни мақсаддаги ишлар билан яқиндан танишиш учун Хоразм вилоятига қилган сафаримиз давомида Урганч шаҳар 37-сонли кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотига ҳам бордик. Муассасага қадам қўйганимиздаёқ бу ердаги тартиб, озодалик ва файзли муҳит кўнгилларга илиқлик бахш этди. Раъно Бойжонова раҳбарлигидаги жамоанинг аҳиллиги, ҳамжиҳатлиги ҳар бир қадамда намоён бўлиб турибди. Сезиладики, бу ердаги меҳнат фидойилик ва садоқатга асосланган зарурий вазифага айланиб улгурибди. Маълумотга кўра, мазкур муассаса 1979 йилда барпо этилган бўлиб, қуввати 120 ўринга мўлжалланган. Айни пайтда 100 нафарга яқин бола — 65 нафар ўғил ва 35 нафар қиз тарбияланмоқда. Улар билан 34 нафар тарбиячи ҳамда 10 нафар дефектолог мунтазам иш олиб боради. Шундан кўриниб турибдики, ҳар бир болажонга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шарт-шароитлар эса замон талабига тўлиқ мос. “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси орқали жамоа уч маротаба ғолиб бўлиб, моддий-техник базасини тубдан янгилашган. Бу эса муассасада таълим ва тарбия жараёнини замонавий стандартлар асосида ташкил этиш имконини бермоқда. Болалар соғлиги ҳам доимий эътиборда: массаж, гидро ва физиотерапия хизматлари самарали йўлга қўйилган. Улар билан реабилитация жараёнлари олиб борилади, спорт машғулотлари ташкил қилинади. Овқатланиш, тураржой, таълим ва машғулотлар ҳафталик тартибда йўлга қўйилган ва энг муҳими, бепул тақдим этилмоқда. Муассасанинг энг қувонарли жиҳати — реабилитация натижасида кўплаб болалар инклюзив таълимга йўналтирилмоқда. Масалан, руҳий ривожланишдан орқада қолганлардан 4 нафари ақли заифлар мактаб-интернатига, 8 нафари эса умумтаълим мактабларига чиқарилган. Ақлий ривожланишида нуқсони бўлган 5 нафар бола ғамхўрлик синфларига, кўриш қобилияти чекланганлардан 4 нафар бола умумтаълим мактабларига интеграция қилинган. Бу рақамлар шунчаки статистика эмас — улар ортида фидойи мураббийлар меҳнати, ота-оналарга қайтарилган умид ва болажонлар ҳаётига кириб келган янги имкониятлар туради. Мулоқот жараёнида фарзанд тарбияси, оила масъулияти, жамиятда имконияти чекланган болаларнинг муносиб ўрни каби масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Биз учун асосий хулоса шу бўлдики, бундай муассасалар фақат болаларнинг таълими ва соғломлашувига эмас, балки оила мустаҳкамлиги, жамиятдаги ижтимоий адолат ва инсонпарварлик ғояларини амалга оширишга ҳам хизмат қилади. Танишувимиз сўнгида боғча фидойи ходимлари меҳнатини эътироф этиб, улардан бир гуруҳига партиямиз совғаларини тақдим этдик. Бундай масканлар самарали фаолияти учун зарур ҳуқуқий ва молиявий механизмларни кучайтириш йўлида иш олиб боришга келишиб олдик. Зотан, ҳар бир бола — юртнинг келажаги, миллатнинг ифтихори бўлишга ҳақли. Бу борадаги ҳар бир саъй-ҳаракат эса нафақат савоб, балки Ватан равнақига қўшилган хайрли ҳиссадир. Adolat.uz | Facebook | Telegram | Instagram