TGTGInsightаналитика telegramLIVE / telegram public index
← Robaxon Maxmudova
Robaxon Maxmudova avatar

TGINSIGHT POST

Post #2670

@Maxmudova_Robaxon

Robaxon Maxmudova

Просмотры4,390Количество просмотров
Опубликован21 окт.21.10.2025, 03:33
Содержимое поста

Содержимое

🟦🟦🟦 МИЛЛИЙ ЎЗЛИГИМИЗНИНГ МАЪНАВИЙ ТАЯНЧИ Азиз юртдошлар! Мамлакатимизда 21 октябрь – Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган тарихий сана – Ўзбек тили байрами сифатида нишонланади. Бу, аввало, она тилимизга эҳтиром, миллий давлатчилик ғояларига содиқлигимиз, тарих ва келажак олдидаги масъулиятимиз рамзидир. Зеро, тил халқнинг маънавий таянчи, миллатнинг тарихий хотираси ва жамият бирдамлигининг асоси саналади. Туркий тиллар оиласининг ўзаги саналган ўзбек тили асрлар давомида Турон заминида истиқомат қилувчи халқлар учун миллий ўзлик сақлаш, қадриятларни мустаҳкамлаш воситаси, ўтмиш ва келажакни боғловчи ришта бўлиб келган. У халқимизнинг дунёқараши, фикрлаш тарзи ва маънавий тафаккурини ифодаловчи тирик тизимдир. Она тилимиз бир неча минг йиллик олис тараққиёт даврини босиб ўтгани сир эмас. Маҳмуд Қошғарий, Аҳмад Югнакий, Юсуф Хос Ҳожиб, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Увайсий, Нодира, Абдулла Қодирий, Чўлпон каби улуғ аждодларимиз ўлмас ижоди билан унинг сайқал топишига хизмат қилганлар. Шу маънода она тили аждодларимиздан бизгача етиб келган бебаҳо мерос саналади. Афсуски, ўтмишда она тилимизга қарши турли хуружлар ҳам бўлди. Шундай синовли йилларда миллатимиз фидойиларининг саъй-ҳаракати билан 1989 йил 21 октябрь куни “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилинган эди. Бу ўзликни англаш ва суверен давлатчиликни қуриш йўлидаги муҳим қадам бўлгани ҳақиқат. Сўнгги йилларда давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида ўзбек тилининг нуфузини ошириш ва қўлланилиш соҳасини кенгайтириш масалаларига жиддий эътибор қаратилмоқда. Айниқса, сўнгги 8 йилликда бу борада аниқ амалий қадамлар ташланди. Президентимиз ташаббуси билан 2019 йилда 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни деб эълон қилинди. Давлатимиз раҳбари 2020 йил 23 сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидан бошлаб, барча халқаро анжуманларда ўзбек тилида нутқ сўзлай бошлади. 2021 йилда эса давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этилди. Бугунги кунда она тилимизни халқаро майдонда ҳам қўллаб-қувватлаш, ривожлантириш ва оммалаштиришга эътибор қаратиляпти. Кўплаб хорижий таълим муассасаларида ўзбек тили кафедралари фаолият юритмоқда, электрон ва лингвистик ресурслар яратилмоқда. Бу тилимизнинг нафақат миллий, балки маданий дипломатия воситаси сифатидаги аҳамиятини ҳам оширмоқда. Биз она тилимиз масаласини ижтимоий тенглик ва фуқаролик масъулиятини мустаҳкамловчи омил сифатида кўрамиз. Зеро, тил фақат сўзлаш воситаси эмас, балки инсон ҳуқуқлари, адолат ва очиқ жамият ғояларини ифода этадиган мафкуравий асосдир. Шу маънода, ўзбек тилига ҳурмат ва унинг тўғри қўлланилишини таъминлаш бўйича маърифий ташаббусларни ҳамиша қўллаб-қувватлаймиз. Шундан келиб чиқиб, она тилимизнинг илмий, техник ва рақамли соҳалардаги имкониятларини кенгайтириш таклифларини илгари сурамиз. Зеро, ўзбек тили замон билан ҳамнафас ривожланиши учун лингвистик ресурслар, электрон луғатлар ва ахборот платформаларини яратиш муҳим аҳамият касб этади. Азиз ҳамюртлар! Фурсатдан фойдаланиб, барчангизни ўзбек тили байрами билан чин дилдан табриклаймиз. Она тили – миллатимиз мавжудлиги кафолати, давлатимиз мустақиллигининг асосидир. У аждодларимиздан мерос бўлиш билан биргаликда келажак авлодларга қолдиражак қарзимиз эканини унутмайлик! Байрамингиз муборак бўлсин! Adolat.uz | Facebook | Telegram | Instagram