Содержимое
🔴 Ишчи гуруҳимиз билан Қашқадарё вилоятидаги ўрганишларимизни Қарши шаҳрининг “Рогузар” маҳалласидан бошладик. Очиғини айтсам, бу ердаги тажриба, одамларнинг кайфияти менда жуда катта таассурот қолдирди. “Рогузар” – ҳақиқий ҳамжиҳатлик ва ташаббускорлик масканига айланибди. Маҳалла раиси Дилноза Файзиева билан суҳбатлашдик. Унинг айтишича, “еттилик” бирдамликда ишлагани учун йил бошидан бери маҳаллада бирорта ҳам жиноят ёки оилавий ажрим қайд этилмабди! Энг қувонарлиси, ўтган йили мактаб битирувчиларининг 80 фоизи олий ўқув юртларига кирибди. Бу, албатта, муҳим натижа! Бу ерда одамлар меҳнат қилиб, ташаббус кўрсатиб, ўз ҳаётини яхшилашга интилаётгани яққол кўриниб турибди. Тасаввур қилинг, маҳаллада 70 га яқин тадбиркор, 28 та оилавий бизнес (тикувчилик, қандолатчилик ва касаначилик) фаолият юритяпти. Маҳалла марказида яратилган шароитлар, айниқса, ёшлар учун очилган ўқув маркази жуда эътиборли. Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг 38 нафар фарзанди бу ерда инглиз тили, рус тили, математика каби муҳим фанларни бепул ўрганаётгани – бу келажакка қўйилган энг тўғри сармоядир. Айниқса, Сабина Сағдиева исмли қизнинг ҳикояси барчамизни тўлқинлантирди. Ота-онасидан эрта айрилган бўлса-да, давлатимиз ғамхўрлигини ҳис қилиб, бу йил тиббиёт олийгоҳига ўқишга кирибди. “Мақсадим – моҳир шифокор бўлиб, халқимга хизмат қилиш,” дейди у. Бундай мақсади аниқ, интилувчан ёшларни кўриб фахрландим. Сабинага ўқишларида муваффақият тилаб, кичик бир совға топширдик. Албатта, аҳолини қийнаётган бошқа муаммоларни ҳам эшитдик, ўргандик, уларнинг ечими бўйича ҳудуддаги масъуллар билан амалий ёрдам беришга келишдик. “Рогузар” тажрибаси шуни кўрсатадики, қаерда ҳамжиҳатлик ва аниқ мақсад бўлса, ўша ерда ривожланиш бўлади. Adolat.uz | Facebook | Telegram | Instagram