Содержимое
🔴 Қарши туманида кўпчилигимиз фойдаланадиган банкоматлар, тўлов терминаллари ва инфокиоскларни ишлаб чиқарувчи “ELPAY” корхонаси фаолияти билан яқиндан танишдик. Бу ердаги ёндашув, ишлаб чиқариш жараёнлари ва айниқса, ёш ишчи-ходимларнинг шижоати бизни жуда қувонтирди. Бу ердаги ўзига хос "уйғунлик" юқори самарадорликни таъминлаётганига гувоҳ бўлдик. Тасаввур қилинг, бир цехда пайвандчилар, бўёқчилар – ўз ишининг ҳақиқий "усталари" меҳнат қилаётган бўлса, иккинчи томонда ёш дастурчи, муҳандис ва дизайнер йигит-қизлар замонавий лойиҳалар устида ишлашяпти. Корхона раҳбари Муҳриддин Худойқулов таъкидлаганидек, улар анъанавий касб эгалари билан замонавий мутахассисларни бир жамоага муваффақиятли бирлаштира олишган. Натижада эса сифатли, ўзимизнинг маҳаллий маҳсулот яратилмоқда ва бутун республика бўйлаб марказлашган техник хизмат йўлга қўйилмоқда. Биз корхонадаги ёш дастурчи ва муҳандис йигит-қизлар билан бевосита суҳбатлашиб, ёшларни замонавий касбларга йўналтириш ҳамда улар учун муносиб меҳнат шароитлари яратиш масалалари юзасидан фикр алмашдик. Уларнинг ўз касбига бўлган қизиқиши, янги ғояларини эшитиб, яна бир бор амин бўлдик: қачонки тажрибали устанинг меҳнати билан билимли, замонавий фикрлайдиган ёшнинг инновацияси бирлашса, биз албатта, катта ютуқларга эришамиз. Adolat.uz | Facebook | Telegram | Instagram