Содержимое
🟦🟦🟦🟦 ЎЗБЕКИСТОН-АҚШ: СТРАТЕГИК ҲАМКОРЛИКНИНГ ЯНГИ САҲИФАСИ Жаҳон сиёсий майдонида мамлакатимиз номи тобора юқори минбарларда янграётгани, кўпқиррали ҳамкорлик алоқалари кенгайиб бораётгани барчамизни хурсанд қилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг Америка Қўшма Штатларига ташрифи ҳам минтақавий ва глобал ҳамкорлик, тинчлик, барқарорлик тамойилларини мустаҳкамлашда муҳим тарихий воқеа бўлди. Эътиборлиси, Президентимиз дастлаб АҚШ парламенти вакиллари – конгрессменлар Билл Хайзенга, Кэрол Миллер ва Сидни Камлагер-Дав, шунингдек, Марказий Осиё бўйича кокуснинг ҳамраиси, сенатор Стив Дэйнсни қабул қилди. Бу учрашув демократик давлатлар ўртасидаги янги сиёсий мулоқот маданиятининг ёрқин намунаси бўлди, десак муболаға эмас. Мулоқотнинг аҳамияти шундаки, у нафақат икки давлат парламентлари ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлайди, балки халқлар иродасини ифода этувчи институтлар ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилаётганидан дарак беради. Давлатимиз раҳбари парламентлараро алоқаларга тўхталар экан, хусусан, АҚШ Сенати ва вакиллар палатасидаги Марказий Осиё бўйича кокус фаолиятига юқори баҳо берди. Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, икки мамлакат парламентларининг амалий ҳамкорлигини кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди. Ташрифнинг иккинчи кунида ўтказилган бизнес-форум, инвестициявий ҳамкорлик алоқаларига доир учрашувлар ва йирик компания ва банк корпуси вакиллари билан мулоқотлар Ўзбекистоннинг иқтисодий имижини янги босқичга кўтарди, деб ҳисоблаймиз. АҚШ бизнес доираларининг энергетика, юқори технологиялар, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва таълим соҳаларида ҳамкорликни йўлга қўйиш таклифлари мамлакатимизга қизиқишнинг ортиб бораётганидан далолатдир. Бу, ўз навбатида, янги иш ўринларини яратиш, аҳоли фаровонлигини ошириш ва хусусий сектор фаоллигини кучайтиришга хизмат қилади. Фикримизча, бундай ҳамкорлик нафақат иқтисодий натижа, балки ижтимоий барқарорлик ва адолатли тақсимотга замин яратувчи омил ҳисобланади. Чунки иқтисодий ўсишнинг асосий мезони – инсон манфаатларига хизмат қилишидир. Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган лойиҳаларда, энг аввало, инсон капитали, таълим ва инновацияга эътибор кучайгани бизнинг мақсадларимиз билан ҳам ҳамоҳангдир. Ташрифнинг энг муҳим ва дунё ҳамжамияти диққат марказида турган воқеаси – давлатимиз раҳбарининг Президент Доналд Трамп билан учрашуви бўлди. Бу мулоқот нафақат икки сиёсий арбоб ўртасидаги фикр алмашинув, балки Марказий Осиё минтақаси учун муҳим бўлган келгуси ҳамкорлик тенденцияларини белгилаб берувчи стратегик жараён сифатида баҳоланади. Учрашувда минтақа хавфсизлиги, иқтисодий шериклик ва янги технологиялар соҳасида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Доналд Трамп Ўзбекистоннинг янги ислоҳотлари, халқчил сиёсати, очиқ иқтисодий муҳит яратиш, инвестициявий кафолатлар ва инсон ҳуқуқларига оид қадамларини олқишлади. Бу билан Ўзбекистоннинг мустақил, прагматик ва манфаатли ташқи сиёсатини яна бир бор дунёга намоён қилди. Давлатимиз раҳбари шу куни Америка Қўшма Штатлари мезбонлигида ўтган “С5+1” форматидаги саммитда иштирок этди. Қайд этиш жоизки, бунга қадар ҳеч қачон Марказий Осиё давлат раҳбарлари бир пайтнинг ўзида “Оқ уй”да жам бўлиб, АҚШ билан музокара ўтказмаган эди. Саммитда муҳокама қилинган масалалар – экология, сув ресурсларини бошқариш, транспорт логистикаси, “Яшил иқтисодиёт” ва таълим соҳасидаги ҳамкорлик йўналишлари – келажак авлод манфаатини ҳимоя қилиш йўлидаги муҳим қадамлардир. Президентимиз томонидан илгари сурилган ташаббуслар – минтақадаги барқарорлик ва ўзаро ишонч муҳитини мустаҳкамлашга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди. Чунки барқарор ривожланишнинг асоси – тинчлик, адолат ва инсонпарвар сиёсатдир. Биз ишонамизки, бундай ташрифлар ва сиёсий мулоқотлар орқали мамлакатимиз жаҳон ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнини янада мустаҳкамлайди. Зеро, адолатли, очиқ ва инсонпарвар сиёсат – келажак тараққиётининг энг ишончли кафолатидир. ⚖️Расмий саҳифаларимиз