Содержимое
🟦🟦🟦 ҒУРУР ВА САДОҚАТ ТИМСОЛИ! Азиз ватандошлар! Қадрли ҳамюртлар! Сизларни Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши номидан миллий ифтихоримиз, мустақиллигимиз ва келажакка бўлган ишончимиз рамзи – Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун билан самимий муборакбод этамиз! 18 ноябрь — ҳар бир юртдошимиз қалбида Ватанга бўлган меҳр, ғурур ва садоқат туйғулари янада жўш урадиган тарихий санадир. Байроқ — шунчаки рамз эмас. У халқимизнинг асрий орзулари, озодлик йўлидаги курашлари, бугунги бунёдкорлик руҳи ва ёруғ келажакка интилишининг ёрқин ифодасидир. Бугун Янги Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнини эгаллаб, мамлакатимизнинг халқаро обрўси тобора юксалиб бормоқда. Нуфузли халқаро минбарларда, дунё ареналарида байроғимиз баланд ҳилпирамоқда. Айниқса, илм-фан, маданият ва спорт соҳаларида ёшларимиз эришаётган улкан ютуқлар шарафига давлатимиз мадҳияси янграб, байроғимиз баланд кўтарилганда, ҳар биримизнинг қалбимиз чексиз ифтихорга тўлади. Партиямиз номи билан ҳамоҳанг бўлган “АДОЛАТ” тушунчаси байроғимизнинг мовий рангида – тиниқ осмон ва обиҳаёт тимсоли сифатида акс этган. Оқ рангдаги поклик ва тинчлик, яшил рангдаги янгиланиш ва табиат уйғунлиги, қизил чизиқлардаги ҳаётий қудрат — буларнинг барчаси биз барпо этаётган Янги Ўзбекистоннинг асосий тамойилларидир. Ушбу муқаддас байроқ остида биз халқчил ва адолатли жамият барпо этиш йўлида бирлашганмиз. У халқаро майдонларда юртимиз шаънини ёдга солиб турса, ёшларимиз қалбига ватанпарварлик уруғини экади. Қадрли дўстлар! Фурсатдан фойдаланиб, барчангизга мустаҳкам соғлик, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик ва файзу барака тилаймиз. Юртимизни ривожлантириш, унинг халқаро нуфузини янада юксалтириш йўлидаги эзгу ишларингизда улкан зафарлар ёр бўлсин! Мустақиллигимиз ва ғуруримиз тимсоли бўлган байроғимиз доимо баланд ҳилпирайверсин! Adolat.uz | Facebook | Telegram | Instagram