Содержимое
🟦🟦🟦 Конституция кунига бағишланган нуфузли анжуман бўлиб ўтди Тошкент давлат транспорт университетида яқинлашиб келаётган Бош Қомусимиз қабул қилинганининг 33 йиллигига бағишланган «Яхши қонун – халққа ҳурмат ифодасидир» мавзусида республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди. Таъкидлаш жоизки, мазкур нуфузли анжуман Тошкент давлат транспорт университети, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси ҳамда Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ҳамда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ҳамкорлигида юқори савияда ташкил этилди. Тадбирда партия Сиёсий Кенгаши ва фракцияси раҳбарияти, ҳамкор ташкилотлар вакиллари, депутатлар, университет раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди. Конференция кун тартибидан ўрин олган масалалар юзасидан маърузалар қилинди. Тадбирда аввалида сўзга чиққан “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудова янгиланган Конституциямиз мамлакатимизда адолатли жамият ва фуқаро манфаати устувор бўлган сиёсий-ҳуқуқий муҳитни шакллантиришда миллий тараққиётимизнинг бош мезони эканлигини таъкидлади. Партия раҳбари ўз нутқида Янги Ўзбекистоннинг ижтимоий давлат сифатидаги мақомига алоҳида тўхталиб, қуйидаги фикрларни билдирди: “Ижтимоий давлат — бу, аввало, жамиятимизнинг ҳар бир аъзоси учун, унинг ижтимоий келиб чиқиши ва моддий имкониятидан қатъи назар, сифатли таълим олиш, юқори малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ва муносиб меҳнат шароитларига эга бўлишда ҳақиқий тенг имкониятлар муҳитини яратишдир. Бу — мамлакатнинг олтин фонди бўлмиш инсон капиталини ривожлантириш, ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмаслик ва энг муҳими – халқимизнинг қонун ҳимоясида эканлигини ҳис қилиб, эртанги кунга бўлган қатъий ишончини мустаҳкамлашнинг энг олий конституциявий кафолати ҳисобланади”. Шунингдек, маъруза давомида Робахон Махмудова “Адолат” СДП томонидан аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида Конституциянинг аудиокитоб шакли яратилганини мамнуният билан қайд этди. Партия етакчиси ушбу аудиокитоб тўпламини университет профессор-ўқитувчилари ва талабалари фойдаланиши учун таълим даргоҳига тақдим этди. Анжуман давомида соҳа мутахассислари ва депутатлар томонидан Конституциянинг жамият ривожидаги ўрни чуқур таҳлил қилинди. Жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, партиямиз фракцияси аъзоси Шухрат Якубов Асосий қонунимизнинг ижро этилиши, бу борада эришилган натижалар ва ҳали ишга солинмаган имкониятлар хусусида тўхталган бўлса, Конституциявий суд аъзоси Абдуманноб Рахимов қонун устуворлигини таъминлашда Конституциявий суднинг ролига алоҳида урғу берди. Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ўринбосари Бекзод Нариманов парламент назоратининг замонавий механизмлари, хусусан, бу жараёнда сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш истиқболлари бўйича таҳлилий маъруза қилди. Шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси Шахноза Жолдасова коррупцияга қарши курашишнинг конституциявий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш ҳамда бу жараёнда қонун устуворлигини таъминлаш масалалари юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Тадбирнинг бадиий-маърифий қисмида Конституция ойлиги доирасида талабалар ўртасида ўтказилган “Конституция билимдони” интеллектуал беллашуви ҳамда “Конституция – менинг тасаввуримда” каби ижодий танловлар ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. ⚖️Расмий саҳифаларимиз