Содержимое
🟦🟦🟦 ЧЕМПИОНЛИК МУБОРАК, ЖАВОҲИР! Ҳиндистоннинг Гоа шаҳри мезбонлик қилган шахмат бўйича Жаҳон кубоги мусобақаларида ҳамюртимиз Жавоҳир Синдоров қозонган ёрқин ғалаба барча юртдошларимиз қатори биз, “Адолат” СДПнинг бир миллион нафардан ортиқ аъзолари учун ҳам чексиз фахр-ифтихор бағишлади. Сўнгги кунларда ушбу нуфузли мусобақада ўзбек йигит-қизларининг дадил иштирок этганини халқимиз ҳаяжон билан кузатиб борди. Шахмат тожи учун даъвогарлик қилиш имконини берадиган, Номзодлар турнири йўлланмасини тақдим этадиган мусобақа финалига бирваракай икки нафар шахматчимиз етиб боргани ҳам Ўзбекистон ёшларининг юксак салоҳиятини кўрсатди. Жавоҳирнинг финалдаги ишончли ғалабаси эса мамлакатимиз ёшларига яратиб берилаётган имкониятларнинг меваси бўлди, десак муболаға эмас. Ушбу қувончли воқеа хабари Тошкент шаҳрида барпо этилган муҳташам Олимпия шаҳарчасининг тантанали очилиш маросимига тўғри келганида ҳам ўзига хос рамзийлик мавжуд. Президентимиз таъкидлаганларидек, барча саъй-ҳаракатларимиз замирида Жавоҳир каби ёшларимиз эришадиган натижалар умиди бор. Давлатимиз раҳбарининг чемпион ўғлонимиз билан видеоқўнғироқ орқали боғланиб: “Ўзбек фарзанди, Янги Ўзбекистон нимага қодир эканини дунёга тараннум қилганинг билан фахрланаман”, дея унинг билими ва шижоатини алоҳида эътироф этганлари ҳам юртимизда ёш истеъдод эгаларига қаратилаётган юксак эътиборнинг ёрқин ифодасидир. Айни дақиқаларда Жавоҳирни бутун халқимиз олқишламоқда. Яна бир жиҳат борки, чемпионнинг тарбияси билан боғлиқ. Жавоҳир Синдоров бобоси, узоқ йиллар мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида самарали меҳнат қилган таниқли ҳуқуқшунос Комил Синдоровнинг тарбиясини олган. Устоз ўзининг талабчанлиги, интизомда собит экани, адолат ва ҳақиқат учун садоқати сабаб халқимиз орасида ҳурмат-эътибор қозонган инсон. Унинг инсоний фазилатлари тарбия орқали набирасига ҳам ўтганига шубҳа йўқ. Жавоҳир илк сабоқларини бобосидан олгани, шахмат оламига кириб келишига ҳам шу инсон сабаб бўлганини кўп бор таъкидлаган. 🔴 Комил Синдоров “Адолат” СДПнинг аъзоси, ғоя ва ташаббусларимизнинг фаол иштирокчиси ҳисобланади. У киши ўтган йили партиямиз газетасига берган интервьюсида “Жавоҳир икки ёшидан бошлаб компьютер ўйинларига қизиқиб қолди. Қизиқиш кундан-кунга кучайди. Бола мисоли тоғдан оқиб тушаётган сувга ўхшайди. Сувни сойга тўғрилаб юборсангиз, манзилга бориб, яхши натижа беради. Акс ҳолда, тўсиқ қўйсангиз атрофга зиён етказади. Ана шунда уни шахмат оламига бошладим”, деган эди. У кишининг тажрибасидан келиб чиқиб, “Боболар мактаби” номли лойиҳа ишлаб чиққанмиз. Лойиҳани янада ривожлантириш, набираларига шахсий намуна ва ибрати билан бош бўлаётган, шу орқали мамлакатимизга салоҳиятли авлод етиштириб бераётган инсонлар тажрибасини оммалаштириш мақсадидамиз. Шу ўринда фаол партиядошимиз, фидойи инсон Комилжон акани набираси эришган ушбу тарихий ғалаба билан самимий қутлаймиз. Масъулиятли лавозимда фаолият юритиш, албатта, яхши. Аммо ўз вақтида лавозимдан оила ва фарзандлар камолотини устун қўйган Комилжон Синдоров бугун ҳақиқий бахтга эришди. Жавоҳир ва Исломбек Синдоровларнинг халқаро майдонларда қўлга киритаётган ютуқлари мазкур оиладаги юксак интеллектуал муҳит ва Комилжон аканинг набиралари таълим-тарбиясига қаратган доимий эътибори маҳсулидир. Фурсатдан фойдаланиб, шахмат бўйича Жаҳон кубоги совриндори Жавоҳир Синдоров ҳамда унинг оила аъзолари, устозларини, бутун халқимизни юксак ғалаба билан табриклаймиз! Adolat.uz | Facebook | Telegram | Instagram