Содержимое
ЗАМОНАВИЙ ТИББИЙ ТАЪЛИМНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИ Бугунги кунда тиббиёт соҳасида рақобатбардош мутахассис тайёрлашнинг энг самарали усули — бу реал тиббий ҳолатларни сунъий интеллект ва симуляция технологиялари ёрдамида жонли тарзда моделлаштиришдир. Зеро, назарий билимни чуқур ўзлаштирган ёш шифокор амалиётда, айниқса, фавқулодда вазиятларда ўзини йўқотиб қўймаслиги, ҳар бир қарорни тез ва аниқ қабул қила олиши ҳаётий заруратдир. Андижон давлат тиббиёт институти ҳузурида фаолият юритаётган Симуляцион марказ айнан шундай масъулиятли вазифани бажарувчи, ҳудудда ўз ўрнига эга илғор платформага айланиб улгурган. 🔴 Марказ фаолияти билан танишар эканмиз, ишчи гуруҳимиз билан унинг техник жиҳозланиши ва инновацион салоҳиятига алоҳида эътибор қаратдик. Хусусан, қиймати 1 миллиард 200 миллион сўмдан зиёд бўлган “Ares” туркумидаги робот-беморларнинг ўрнатилгани эътирофга лойиқ. Ушбу интеллектуал моделлар инсон физиологиясини деярли тўлиқ такрорлайди ва ўзида 12 хилдаги мураккаб клиник сценарийларни, жумладан, тезкор қарор қабул қилиш талаб этиладиган фавқулодда ҳолатларни мужассам этган. Тизимнинг энг адолатли жиҳати шундаки, талабанинг билими ва амалий кўникмаси робот томонидан автоматик тарзда баҳоланади. Бу жараёнда инсон омили ва субъектив ёндашувга ўрин қолмайди — баҳолаш шаффоф, холис ва аниқ амалга оширилади. Бу эса ҳақиқий замонавий тиббий таълимнинг асосий белгисидир. Шунингдек, марказда акушерлик ва гинекология йўналишлари учун махсус робот-манекенлар ҳам мавжуд. Республикамизда саноқли бўлган ушбу қурилмалар туғруқ жараёнини тўлиқ ҳажмда акс эттиради. Бола ҳаракатлари, онанинг қон босими ўзгариши, тўлғоқ интерваллари, эҳтимолий асоратлар ва ҳатто шифокор аралашувига организмнинг реакцияси — барчаси юқори аниқликда моделлаштирилган. Бу — талабалар учун хато қилишга йўл қўйилмайдиган реал ҳаёт олдидан ўзига хос “синов майдони” вазифасини ўтайди. Таълим сифатини оширишда “Dimedus” рақамли платформасининг ўрни ҳам беқиёс. У бир вақтнинг ўзида 1000 га яқин клиник сценарийни ишга тушириш имкониятига эга. Талабалар индивидуал ёки гуруҳ бўлиб вазиятларни таҳлил қилади, даволаш стратегиясини ишлаб чиқади. Уларнинг ҳар бир қадами тизим томонидан назорат қилинади ва баҳоланади. Бу усул анъанавий ўқитиш тизимидан бир неча баробар юқори самарадорликка эга. Ташриф давомида инсульт ҳолати бўйича ўтказилган симуляцион машғулот жараёнига бевосита гувоҳ бўлдик. “Тўғри қарор тезкорликдан бошланади”, деган нақлнинг исботини шу ерда кўрдик. Талабалар беморнинг қон босимини ўлчаш, тананинг зарарланган қисмини аниқлаш, тезкор қутқарув алгоритмини ишга тушириш ва асоратларни олдини олиш бўйича амалий ҳаракатларни бажардилар. Инсульт — дақиқа ва сониялар ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган оғир ҳолат бўлгани боис, платформа ҳар бир кечикиш ёки нотўғри қадамни дарҳол қайд этиб борди. Хулоса қилиб айтганда, Андижон давлат тиббиёт институтининг ушбу маркази шунчаки ўқув лабораторияси эмас, балки инқирозли вазиятларни бехато бошқара оладиган етук мутахассисларни тарбияловчи стратегик маскандир. Бугунги ёш-талабалар — эртанги куннинг саломатлик посбони. Шу боис, бундай юқори технологиялар, интеллектуал роботлар ва симуляцион муҳитларнинг жорий этилиши давлатимиз томонидан тиббий таълимни ислоҳ қилишда танланган йўлнинг тўғрилиги ва истиқболи порлоқ эканидан далолат беради. Adolat.uz | Facebook | Telegram | Instagram