Содержимое
🟦🟦🟦🟦🟦 СИМУЛЯЦИОН МАРКАЗ: ТИББИЙ ТАЪЛИМДА СУНЪИЙ ИНТЕЛЛЕКТ ВА АМАЛИЁТ УЙҒУНЛИГИ Бугунги кунда замонавий, юксак малака ва салоҳиятга эга шифокор тайёрлаш фақат аудиториялардаги назарий билим билан чекланмайди. Ҳақиқий мутахассис, айниқса, фавқулодда вазиятларда тезкор ва тўғри қарор қабул қилиш кўникмасига эга бўлиши шарт. 🔴 “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудова бошчилигидаги ишчи гуруҳнинг Андижон вилоятидаги ўрганишлари доирасида айнан шундай замонавий ёндашув жорий этилган маскан — Андижон давлат тиббиёт институти ҳузуридаги Симуляцион марказ фаолияти ўрганилди. Партия вакиллари марказ фаолияти билан танишар экан, бу ерда яратилган инновацион муҳит ва техник имкониятларга алоҳида эътибор қаратишди. Таъкидлаш жоизки, марказга қиймати 1 миллиард 200 миллион сўмдан зиёд бўлган “Ares” туркумидаги робот-беморларнинг келтирилгани тиббий таълим сифатини янги босқичга олиб чиққан. Ушбу интеллектуал моделлар инсон физиологиясини деярли тўлиқ такрорлаб, 12 хилдаги мураккаб клиник сценарийларни жонли тарзда намойиш этади. Симуляцион марказнинг энг эътиборли жиҳати шундаки, унда талаба билимини баҳолаш жараёни тўлиқ автоматлаштирилган. Роботлар талабанинг ҳар бир ҳаракатини қайд этиб, инсон омили ва субъектив ёндашувсиз, шаффоф ва холис баҳо қўяди. Бу эса партиямиз илгари сураётган таълимдаги адолат тамойилининг амалий ифодасидир. Марказдаги акушерлик ва гинекология йўналиши учун мўлжалланган ноёб робот-манекенлар талабалар учун ҳақиқий “синов майдони” вазифасини ўтамоқда. Туғруқ жараёни, она ва бола ҳолатидаги ўзгаришлар, эҳтимолий асоратлар юқори аниқликда моделлаштирилган бўлиб, бўлажак шифокорларга реал ҳаётда хато қилмаслик имконини беради. Шунингдек, “Dimedus” рақамли платформаси ёрдамида бир вақтнинг ўзида 1000 га яқин клиник сценарийлар ишга туширилиб, талабаларнинг индивидуал қарор қабул қилиш қобилияти шакллантирилмоқда. Ишчи гуруҳ ўрганишлари давомида инсульт ҳолати бўйича ўтказилган амалий машғулот жараёни кузатилди. Талабаларнинг беморга ташхис қўйиш, тезкор ёрдам кўрсатиш ва асоратларни олдини олиш бўйича ҳаракатлари сунъий интеллект томонидан таҳлил қилинди. Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ушбу Симуляцион марказ шунчаки ўқув муассасаси эмас, балки инқирозли вазиятларда ўзини йўқотмайдиган етук мутахассисларни тарбияловчи стратегик платформадир. Бундай юқори технологияларнинг жорий этилиши давлатимиз томонидан тиббий таълимни ислоҳ қилишда танланган йўлнинг қанчалик тўғри ва самарадор эканлигидан далолат беради. ⚖️Расмий саҳифаларимиз