Содержимое
“Садда таги”нинг азамат миришкорлари Турмуш фаровонлиги эртанги кунга ишонч, барқарор даромад ва меҳнатга таяниб, рўзғорни тўкин қилишга ҳам боғлиқ. Шу жиҳатдан томорқа майдонларидан самарали фойдаланиш аҳолининг иқтисодий барқарорлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Қолаверса, минтақамизда кузатилаётган иқлим ўзгариши, сув етишмовчилиги ва ер ресурсларининг чеклангани қишлоқ хўжалигини самарали ташкил этишни талаб қилади. Ана шу мақсадда амалиётга жорий қилинган “Бир ҳудуд – бир маҳсулот” тамойили аҳоли даромадларини ошириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда қўл келмоқда. Натижада меҳнат ресурси, ер сифати ва бозор талаби ўртасида мутаносиб муносабат шаклланяпти. “Садда таги” маҳалласида йўлга қўйилган саримсоқпиёз етиштириш тажрибаси фикримиз тасдиғидир. 🔴 Маҳалла “етилиги” фаолияти билан танишгач, саримсоқпиёз даласига бордик. Маҳсулотга талаб юқори бўлгани учун маҳалланинг иқтисодий драйверига айланган. Ўтган йили 108 нафар ишсиз фуқарога 30 йил муддатга 15 сотихдан ер ажратилган экан. Улар бир йилда даромадга чиқиб, рўзғорини тиклаб олгани қувонарлидир. Саримсоқпиёз ва маккажўхори экинларини алмашлаб экиш орқали унумдорлик ҳам, суғориш мувозанати ҳам таъминланмоқда. Айтишларича, ҳар бир оила мавсум якунида 30 миллион сўмгача даромад оляпти. Энг муҳими, маҳсулот тўлиқ ички бозорга етказиб берилади. Демак, “Садда таги” миришкорлари халқимиз дастурхони тўкин бўлишига ҳам муносиб улуш қўшишяпти. Бу тажриба, ўз навбатида, чекка ҳудудда ҳам аграр иқтисодиётни оқилона режалаштириш орқали катта маблағ талаб қилмайдиган, лекин тез даромад берувчи бизнес турларини йўлга қўйиш мумкин эканини исботлайди. Саримсоқпиёз далаларини айланиб, аҳоли кайфиятини кузатиб, одамларда эртанги кунга ишонч мустаҳкамланаётганини кўрдик, сездик. Adolat.uz | Facebook | Telegram | Instagram