Содержимое
🟦🟦🟦🟦 СУНЪИЙ ИНТЕЛЛЕКТ ДАВРИ ХАЛҚИМИЗГА ЯНГИ ҚУЛАЙЛИКЛАР ЯРАТАДИ Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг марказида инсон қадри ва унинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш туради. Президентимизнинг пойтахтимизда ўтказилган бюрократияни камайтириш масалаларига бағишланган халқаро форумдаги нутқида ҳам айни шу жиҳатлар қамраб олинди. Давлат хизматларини модернизация қилиш, ортиқча тартиб-таомилларни бекор қилиш ва рақамли давлат экотизимини шакллантириш борасидаги устувор вазифалар белгилаб берилди. Аввало, қайд этиш жоизки, замонавий имкониятлардан фойдаланган ҳолда ортиқча қоғозбозликларга чек қўйиш бугунги куннинг талабларидан биридир. Президентимиз томонидан тасдиқланган янги дастур давлат ва фуқаро, давлат ва бизнес ўртасидаги муносабатларни тубдан янги босқичга олиб чиқади. Пировард мақсад – 2030 йилга қадар мамлакатимизни ривожланган давлатлар даражасига олиб чиқишдан иборат. Қайд этилганидек, бунинг учун давлат хизматлари сони 1,5 мингтага етказилади, уларнинг 95 фоизи электрон шаклга ўтказилади. Келгуси йилнинг ўзида 250 та янги электрон хизмат ишга туширилиши бу борадаги мақсадларимиз нақадар собит эканидан дарак беради. Бу ўзгаришлар ҳар бир фуқаронинг кундалик ҳаётида сезиларли енгиллик яратади. Навбат, ортиқча қўшимча маълумотлар аста-секин йўқолади. Президент белгилаб берган дастурдаги энг муҳим вазифалардан бири – тўлиқ рақамли ҳукуматга ўтишдир. Шу мақсадда 40 миллион ҳужжатдан 25 миллиони рақамлаштирилиши, кейинги йилда яна 5 миллион ҳужжат электрон шаклга ўтказилиши кўзда тутилмоқда. Эндиликда фуқаро ариза ёзиб югурмайди – маълумотлар автоматик тарзда йиғилади, қарорлар тезкор ва шаффоф қабул қилинади. Бизнес учун яратилган енгилликлар ҳам дастурнинг асосий йўналишларидан биридир. Таъкидланишича, 300 дан ортиқ хизмат соддалаштирилади, 100 дан ортиқ хизматнинг муддати 50 фоизга қисқаради. Бу тадбиркорлик муҳитини янада эркин, очиқ, қулай ва рақобатбардош қилади, деб ҳисоблаймиз. Қолаверса, сунъий интеллект имкониятлари бюрократияни бартараф этишнинг энг самарали воситасидир. Дастурнинг амалга оширилиши сунъий интеллект платформалари ва рақамли ечимлар орқали таъминланади. Яъни, давлат хизматлари портали, “Лицензия” тизими, Божхонанинг “Ягона дарча”си, колл-марказлар тизими замонавий технологиялар асосида ишлайди. Шунингдек, самарадорликни баҳолаш, янгиликлар киритиш ва барча жараёнларни мониторинг қилиш учун алоҳида дастур офиси ташкил этилади. Энг илғор таклифларни илгари сурган фуқаролар, тадбиркорлар ва давлат хизматчилари моддий рағбатлантирилади. Бюрократияни камайтириш фақат техник ислоҳот эмас, балки инсон қадрини улуғлашга қаратилган кенг қамровли давлат сиёсатидир. Шу маънода, янги дастур халққа хизмат қилувчи замонавий, инсонпарвар ва адолатли давлат тузиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири ҳисобланади. Adolat.uz | Facebook | Telegram | Instagram