Содержимое
Асака тиббиёти пойтахтдан қолишмайди 🔴 Бемор учун ҳар дақиқа ғанимат. Тиббий хизматни рақамлаштириш, шаффоф ва тезкор механизмлар асосида ташкил этиш шунинг учун ҳам замон талабига айланмоқда. Бирламчи бўғинда амалга оширилаётган ишлар нечоғли самара бераётганини ўрганиш мақсадида Асака тумани соғлиқни сақлаш бўлимида бўлдик. Таъкидлаш керак, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 19 майда қабул қилинган “Республикада соғлиқни сақлаш тизимини ва аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш тамойилларини такомиллаштириш орқали соҳани ислоҳ қилишни изчил давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони доирасида соҳага янги мазмун олиб кирди. Аввало, мазкур фармон асосида туман тиббиёт бирлашмаси соғлиқни сақлаш бўлими сифатида қайта ташкил этилди. Янги таркибий тузилма тиббий хизматларни бир марказда жамлаб, бошқарув механизмларини самарали қилишга хизмат қилмоқда. Натижада 364 мингдан ортиқ аҳолига хизмат кўрсатадиган 19 та оилавий поликлиника ташкил қилинган. Бири янгидан барпо этилиб, яна 4 таси тубдан таъмирланган. Ушбу мақсад учун қарийб 35 миллиард сўм йўналтирилган. Бу эса тиббий хизматни аҳолига яқинлаштириш, бирламчи бўғинни кучайтириш ва профилактик тиббиётни марказий ўринга қўйишни таъминлайди. Шу билан бирга, илгари марказий поликлиникада фаолият юритган тор доира мутахассислари янги ташкил этилган Маслаҳат-диагностика бўлимига бириктирилди. Натижада, аҳоли учун турли махсус текширувлар бир жойда, юқори даражада ташкил этилган ҳолда кўрсатила бошланди. Туман марказий шифохонаси ва туғуруқ комплекси “Тиббиётда зарбдор 90 кунлик” доирасида тўлиқ капитал таъмирланди ва фойдаланишга топширилди. Бугун бу масканлардаги шарт-шароит, замонавий жиҳозлар ва хизмат маданияти нафақат аҳоли розилиги, балки шифокорларнинг иш унумдорлигини ҳам сезиларли оширмоқда. Оилавий поликлиникалар кафолатланган пакет доирасида аҳолига бериладиган 68 турдаги бепул дори-дармонлар билан доимий таъминланмоқда. Барча 2-типдаги поликлиникалар замонавий УТТ аппаратлари билан, 4 таси эса мобил-рентген қурилмалари билан жиҳозланган. Соҳани рақамлаштириш жараёнида барча тиббиёт муассасалари, жумладан, марказий шифохона компьютерлар, инфокиоск, принтер билан таъминланиб, интернет тармоғига уланган. Аҳолини электрон рўйхатга олиш ҳам деярли якунланибди. Барча мурожаатлар “D-Med” электрон платформаси орқали қайд этиляпти. Бунда бемор ўз уйидан туриб, оилавий шифокор қабулига электрон навбат олиши, барча тиббий маълумотларни электрон тарзда кўриши мумкин. Биз учун яна бир муҳим янгилик – Туркия модели асосида марказий лаборатория ташкил этилгани бўлди. Замонавий “IHLA” аппарати ёрдамида бир вақтнинг ўзида 60 турдан ортиқ таҳлиллар ўтказилмоқда. Натижалар “LAT” электрон тизими орқали “D-Med” платформасига жойланади. Бу эса беморларнинг маълумот қидириб, сарсон-саргардон юришига чек қўяди. Биоматериаллар туман бўйлаб барча поликлиникалардан махсус автотранспорт орқали марказий лабораторияга етказилади. Буларни ўз кўзимиз билан кўриб, амалий жараёнларга яқиндан баҳо берган ҳолда, соҳа вакиллари билан очиқ мулоқот ўтказдик. Амалга оширилаётган ислоҳотлар қаердадир тўхтаб қолмаслиги, балки халқ манфаати йўлида узлуксиз қўллаб-қувватланиши зарурлигини айтдик. Шунингдек, ҳудудда профилактика маданиятни кучайтириш, партиямизнинг она ва болалар соғлиғини мустаҳкамлашга қаратилган лойиҳаларига аҳолини кенг жалб этиш масалаларини алоҳида муҳокама қилдик. Adolat.uz | Facebook | Telegram | Instagram