Содержимое
ПСИХИАТРИЯ ЁРДАМИГА ОИД ҚОНУНЧИЛИК ТАКОМИЛЛАШТИРИЛИШИ ЗАРУР Сўнгги вақтларда руҳий мувозанатида ўзгариш бўлган шахслар томонидан жиноят содир этиш ҳолатлари, афсуски, кўпайиб бормоқда. Тошкент шаҳрида руҳий хаста фуқаронинг ИИБ ходимига оғир тан жароҳати етказгани, Сурхондарё вилоятида 3 ёшли қизалоқнинг ўлимига сабаб бўлгани ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. 2022 йилда юз берган шунга ўхшаш яна бир ҳолатда руҳиятида ўзгариш бўлган она ўз фарзандини айиқ қафасига ташлаб юборганди. Ўшанда мўъжиза сабаб омон қолган қизча 2025 йилда ўз онаси томонидан пичоқлаб, ўлдирилди. Демак, ушбу масалада реал муаммолар мавжуд. Уларни аниқлаш ва ҳал этиш кечиктириб бўлмас вазифа ҳисобланади. 🔴“Адолат” СДП Сиёсий кенгаши раиси, Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари Робахон Махмудова иштирокида Фарғона вилояти судида ўтган семинар ушбу долзарб мавзуга бағишланди. Унда қонунчиликда учраётган бўшлиқларни тўлдириш, хусусан, “Психиатрия ёрдами тўғрисида”ги қонунни такомиллаштириш, унга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга оид таклифлар юзасидан фикр алмашилди. Семинарда фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди судьялари, прокуратура, ички ишлар органи мутасаддилари, соғлиқни сақлаш бошқармаси, асаб ва руҳий касалликлар диспансери масъуллари қатнашди. Партия етакчиси Робахон Махмудова Олий суднинг 2025 йил 10 ноябрдаги қароридан келиб чиқувчи вазифалар, янги тартиб-таомилларни амалиётга жорий этиш механизми ва муваффақиятли ижро этиш учун масъул идоралар билан ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш зарурати ҳақида сўз юритди. Муҳокамалар давомида психиатрия ёрдамини ташкил этиш, мажбурий даволаш амалиётидаги ҳуқуқий ва тиббий ёндашувлар, ғайриихтиёрий госпитализация жараёнида учраётган муаммолар, суд ва соғлиқни сақлаш тизими электрон платформаларини ўзаро интеграция қилиш имкониятлари кўриб чиқилди. Шунингдек, халқаро тажрибани ўрганиш ва амалиётга жорий этиш, мутахассислар малакасини ошириш тизимини самарали ташкил қилиш бўйича таклифлар билдирилди. Мақсад эса битта, руҳий хаста фуқаролар жамиятга хавф туғдиришининг олдини олиш, оғир жиноятлар содир этилишига чек қўйиш, уларни ўз вақтида даволаш орқали соғлом ҳаётга қайтаришдан иборатдир. Adolat.uz | Facebook | Telegram | Instagram