Содержимое
🟦🟦🟦🟦 ЭКОЛОГИК БАРҚАРОРЛИК – МИЛЛАТ САЛОМАТЛИГИ ВА КЕЛАЖАК АВЛОД ОЛДИДАГИ МАСЪУЛИЯТДИР Бугунги глобал иқлим ўзгаришлари ва урбанизация шароитида экологик хавфсизликни таъминлаш масаласи нафақат табиатни муҳофаза қилиш, балки инсоннинг яшаш ҳуқуқи, саломатлиги ва келажагини ҳимоя қилишга оидлиги билан аҳамиятлидир. Пойтахтимиз – Тошкент шаҳрида сўнгги вақтларда кузатилаётган экологик вазият, ҳаво сифатининг ўзгариши ва унинг аҳоли саломатлигига салбий таъсири кечиктириб бўлмас, қатъий ва тизимли чораларни талаб этаётган эди. Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланган “Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон давлат сиёсатида инсон манфаатлари ва аҳоли саломатлиги ҳар нарсадан устун эканлигининг яққол тасдиғи, айни вақтида қабул қилинган ҳаётий ҳужжат бўлди. 🔴 Фармонга мувофиқ, Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш бўйича Махсус комиссия тузилиши ва унга кенг ваколатлар берилиши, шунингдек атмосфера ҳавосини яхшилашга қаратилган кенг қамровли чораларни кўрилиши белгиланганлиги мавжуд муаммони ҳал этиш давлат сиёсати даражасига кўтарилганини англатади. Шу билан бирига, тан олиш керак, экологик муаммоларни фақатгина маъмурий чекловлар ва комиссия қарорлари билан тўлиқ ҳал этиб бўлмайди. Бу жараёнда қонун устуворлиги ва жазо муқаррарлиги тамойили ҳал қилувчи аҳамиятга эга. 🔴 “Адолат” социал-демократик партияси ўзининг Сайловолди дастурида атроф-муҳит муҳофазасини кучайтириш масаласини устувор вазифа сифатида белгилаган. Шу боис, партия фармонда белгиланган устувор мақсадларга эришиш йўлида йўл харитасини ишлаб чиқди ва ушбу чора-тадбирлар доирасида қуйидагиларни амалга оширишни режалаштирганмиз. Биринчидан, экология соҳасидаги қонунчиликни қайта кўриб чиқиш ва кескинлаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқамиз. Биз очиқ айтишимиз керак: бугунги кунда атроф-муҳитга зарар етказганлик учун белгиланган жарималар ва маъмурий чоралар кутилган натижани бермаяпти. Афсуски, кўп ҳолларда тадбиркорлар ёки қурувчилар учун дарахтни кесиб, ўрнига арзимас жаримани тўлаб, ўз биносини қуриш иқтисодий жиҳатдан “фойдалироқ” бўлиб қолмоқда. Бу – қонунчиликдаги бўшлиқ ва ўз навбатида, атроф-муҳитга, аҳоли саломатлигига нисбатан адолатсизликдир, бундай қилмиш оддий ҳуқуқбузарлик эмас, балки оғир жиноят сифатида баҳоланиши зарур. Иккинчидан, дарахтларни ноқонуний кесиш, яшил ҳудудларни йўқ қилиш, ҳаво ва сувни қасддан ифлослантириш ҳолатлари учун фақатгина жарима ёки маъмурий жазо эмас, балки озодликдан маҳрум қилишгача бўлган жиддий жиноий жавобгарликни белгилаш бўйича ташаббусларни илгари сурамиз. Қайд этиш жоизки, халқаро тажрибада ҳам экотизимнинг издан чиқишига сабаб бўлган хатти-ҳаракатлар оғир жиноят сифатида баҳоланади. Европа иттифоқи ҳудудида содир этилган экологик жиноятлар учун 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш, 40 млн. еврога қадар жиноий жаримага тортиш жазоси белгиланган. Россия Федерацияси, қўшни қардош давлатларда ҳам атроф-муҳитга зарар етказганлик учун кескин жазо чоралари белгиланган. Зотан, экологик жиноятлар учун енгил жазога йўл қўйиб бўлмайди, аксинча, бу борада қатъий ва қаттиқ жазо чоралари – бугунги кун талабидир. Учинчидан, электоратимизнинг барча вакиллари билан учрашувлар ва давра суҳбатларида юртимизда атроф-муҳитни асраш ва атмосфера ҳавосини яхшилашда нафақат давлат ташкилотлари, жамоатчилик вакиллари балки барча фуқароларимиз ҳам фаол иштирок этиши борасида кенг қамровли тушунтириш ишларини олиб борамиз. ⚖️ “Адолат” социал-демократик партияси Ахборот хизмати